Россиянинг Ростов вилоятидаги ҳаво майдони йўловчи самолётларининг қатновлари учун ёпилиши муносабати билан 24 февраль куни «Наманган — Краснодар» йўналиши бўйича HY-9825 рейси Наманган халқаро аэропортига мажбурий қайтмоқда. Бу ҳақда Uzbekistan Airways матбуот хизмати хабар қилди.

«Бекор қилинган парвоз йўловчилари авиачиптани бепул бронлаш ёки тўлиқ қийматини қайтариб олиш ҳуқуқига эгадирлар», — дейилади хабарда.

Uzbekistan Airways йўловчиларни жадвалдаги ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида қўшимча равишда хабардор қилишини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 24 февраль куни Россия президенти Владимир Путин Донбассда «махсус ҳарбий операция» бошланганини эълон қилди, бироқ Украинанинг Киев, Харьков ва бошқа шаҳарларида ҳам портлашлар бошланди. Шундай қилиб, Россия расман Украина ҳудудига бостириб кирди.