Россия Мудофаа вазирлиги Украина ҳаводан ҳужумга қарши мудофаа объектлари тўлиқ бостирилганини эълон қилди, деб хабар бермоқда РИА Новости.

РФ Мудофаа вазирлиги сал аввал Украина чегарачилари Россия ҳарбий бўлинмаларига ҳеч қандай қаршилик кўрсатмаётгани ҳақида хабар тарқатган эди. Таъкидланишича, Украина Қуролли кучлари авиабазалари ҳарбий инфратузилмалари ҳам тўлиқ ишдан чиқарилган.

РФ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Украина ҳарбий инфратузилмаси, ҳаво ҳужумидан мудофаа объектлари, ҳарбий аэродромлар, мамлакат қуролли кучлари авиацияси юқори аниқликка эга бўлган йўқ қилиш воситалари ёрдамида ишдан чиқарилган. Шу билан бирга, вазирлик тинч аҳолига ҳеч нарса таҳдид солмаслиги ҳақида қўшимча қилган.

Бир вақтнинг ўзида УНИАН ахборот агентлиги Украина бош штаби Донбассдаги ҳарбий ҳаракатлар зонасида тажовузкор томоннинг бешта самолёти ва вертолёти уриб туширилгани ҳақида хабар берди.

Агентлик шунингдек, Украина ҚК пиёда қўшинлари томонидан Россиянинг иккита танки йўқ қилингани ҳақида хабар берди.

Шунингдек, хабарда Украина томони бутун тун давомида кибермайдон муҳофаза қилиб келингани айтилган.

«Барча базавий ахборот ресурсларига киберҳужумлар бўлган ва тўхтовсиз давом этмоқда. Барча командалар жойида. Ҳотиржамликни сақлаймиз ва ваҳимага берилмаймиз», дейилган хабарда.

Россия президенти Владимир Путин 24 февраль куни эрталаб миллатга телемурожаатида Донбасс ҳудудида «махсус ҳарбий операция» бошланганини эълон қилди. Путиннинг мурожаати тугаши биланоқ, Киев, Харьковь, Мариуполь, Одесса ва Украинанинг бошқа шаҳарларида портлашлар бошлангани ҳақида хабар берилди. Донбассдаги сепаратистлар томонидан ҳам отишмалар бошланди.

Шунингдек, 24 февралга ўтар кечаси БМТ хавфсизлик кенгаши Украина атрофидаги можароларга бағишланган йиғилишни чақирди. БМТ бош котиби ўз чиқишида Россия президенти Владимир Путинни Украинага бостириб киришни тўхтатишни, «тинчликка имкон беришини» сўраган ва тинчлик ўрнатишга чақирди.

Ҳозирда Украина ҳукумати томонидан мамлакат бўйлаб ҳарбий ҳолат эълон қилинган.