Украинада таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар ўқишни масофавий давом эттиришлари мумкин бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Киевдаги эчихонаси маълум қилди.

Элчихона маълумотига кўра, Украина Таълим ва фан вазирлигининг 25 январдаги 1/1266-сонли ва 2022 йил 15 февралдаги 1/2588−22-сонли хатлари билан Украинанинг барча олий ўқув юртларига масофавий таълимни жорий этиш тавсия қилинган. Украинанинг барча ОТМларига ўқишни мустақил равишда тарк этиш истагини билдирган талабалардан ташқари ҳар қандай сабабга кўра талабаларни ўқишдан четлатмаслик кераклиги айтилган.

Ушбу қоида тиббиёт соҳасидан ташқари барча мутахассисликлар талабаларига таалуқли.

Юқоридагиларни ва ҳаво қатновида кузатилган узилишларни ҳисобга олган ҳолда ўзбекистонлик талабаларга ўз ватанларида ўқишни масофавий шаклда давом эттириш имкониятларини кўриб чиқиш тавсия этилган.

Аввалроқ Украинадаги вазият кескинлашгани ва фавқулодда ҳолат жорий этилганини инобатга олиб, Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси ўзбекистонликларни эвакуация қилиш режасини ишлаб чиқаётганлигини маълум қилди.