«Газета.uz» 24 февраль куни эрта тонгда Россия ҳарбий операция бошлаган Украинада яшовчи одамларнинг ҳикояларини тўплади. Улар босқин бошлангани ҳақида қандай хабардор бўлганлари, ўз шаҳарларида нималар бўлаётгани ва маҳаллий ҳокимият томонидан қандай чоралар кўрилаётгани ҳақида сўзлаб беришди. Суҳбатдошларнинг баъзилари аноним қолишни исташди.

Юлия, 39 ёш, Киев

Эрталаб соат 5 да портлаш овозидан уйғондик. Ахборот майдони эҳтимолий босқин ҳақидаги маълумотлар билан тўлиб-тошгани сабабли Россия Украинага қарши уруш бошлаганига шубҳа йўқ эди.

Биринчи реакция — фавқулодда чамадонни йиғиш, оилаларни олиб кетиш ва бомбапаноҳга яқинроқ бўлиш учун дўстларникига бориш бўлди. Яна бир тушунарсиз нарса — қандай қилиб XXI асрда Украинага, тинч давлатга бундай муносабат бўлиши мумкин?

Икки ойдан ошди, медиада Украинага ҳарбий интервенция эҳтимоли муҳокама қилинмоқда, шунинг учун биз Россия ҳукуматининг ниятларидан яхши хабардор эдик. Аммо бундай бўлишига ишонишни хоҳламасдик.

Киевда ваҳима йўқ, дўконлар ва дорихоналар очиқ, навбатлар йўқ, маҳсулотлар мавжуд. Мактаблар онлайн таълимга ўтди. Одамларга уйда қолиш тавсия этилади. Ҳарбий ҳолат эълон қилинди.

Бугунги воқеалар бошланмасидан аввалроқ одамларга энг зарур нарсалар билан тревога чамадончаси, биринчи тиббий ёрдам тўпламини тайёрлаш ва энг яқин бомбапаноҳнинг қаердалигини билиб қўйиш тавсия қилинганди. Тавсиялар оддий: уйда қолиш, ваҳимага тушмаслик ва хотиржамликни сақлаш, фақат расмий манбалардан олинган маълумотларга ишониш ва тревога чалинган тақдирда бомбапаноҳга бориш.

Ахборот хуружлари, киберҳужумлар авж олган, ваҳима уйғотиш учун сохта хабарлар тарқатилмоқда. Шунинг учун ҳеч қандай норасмий манбаларни ўқимайман. Фақатгина Президент идораси, Мудофаа вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси сайтлари каби расмий манбаларга ишонаман.

А. П, 37 ёш, Киев

Босқин бошлангани ҳақида қаердан билдик? Биз эрталаб соат 5 атрофида портлашларни эшитиб, билиб олдик. Эримнинг телефони жиринглади, отаси «Бошланди», деди. Ахборот ҳужумлари декабрь ойидаёқ, 16 декабрда, онамнинг туғилган кунида бошланган ва биз аллақачон бундай эскалация эҳтимоли ҳақидаги хабарлар таъсири остида эдик.

Февралда орамизда ана-мана комплекс календар: черков байрамлари, томорқачилик, ой ва босқин тақвими чиқиб қолади деган ҳазиллар пайдо бўлганди. Бу бемаънилик, қандайдир кулгили, лекин аслида биз бу мавзудаги ахборот оқимидан жуда чарчадик. Бугун кескинлик қандайдир юмшади — бу содир бўлди.

Ўзингизнинг тинч шаҳрингизда портлашлардан уйғониш — қўрқинчли. Ташвиш ва кескинлик чулғаб олади. Қўрқув. Ваҳима. Ожизлик. Биз ўқиш, маълумот қидириш, икки марталаб текширишга шошилдик (сўнгги бир неча ой ичида ўрганганмиз). Телефонлар чатлардан қизиб кетди, бу ҳамма учун муҳим эди: «Қандайсиз? Тирик! Сизчи? Тирик! Ҳарбий босқин бўлишига ишонганмидик? Ҳа ва йўқ. Мана, сиз ишонгандингизми? Соғлом одамнинг калласига бу қандай қилиб келиши мумкин? Оруэлл (инглиз ёзувчиси Жорж Оруэлл — таҳр.) анча олдин бу схемани шундай таърифлаган эди: «Уруш — тинчлик, ҳақиқат — ёлғон», афтидан, у олдиндан шундай бўлишини билган ва рус ахборот каналларининг риторикасини ёзгандек.

Ҳар хил нарсалар содир бўлади. Одамлар қўрқиб кетишди. Биз қўрққанимизда, нима биринчи ўринга чиқади? Яшаб қолиш. Ҳа, навбатлар пайдо бўлди. Одамлар омон қолиш учун муҳим бўлган нарсаларни ғамлашди.

Қўллаб-қувватлаш ҳам бор — расмийлар ахборот билан қўллаб-қувватлайди — ҳар соатда Президент идорасида брифинг. Одамлар бир-бирларини қўллаб-қувватлайдилар — улар керакли жойга боришга ёрдам беришади, хотиржамлик сақлашга ҳаракат қилишади. Ҳар биримиз қўлимиздан келганини қиламиз. Биз ўз имкониятимиз даражасида, ҳукуматнинг тавсияларини инобатга олган ҳолда ҳаракат қиляпмиз.

Фавқулодда ҳолат жорий этилди. Банк тизими, таъминот тизими, ҳарбийлар, шифокорлар — барчаси ишламоқда. Бугун транспорт бепул — етиб бориш, яшириниш (масалан, метрода) мумкин. Дўконлар, транспорт, дорихоналар, ёқилғи қуйиш шохобчалари, банкоматлар, алоқа каналлари ишламоқда. Шундай кунда ишга чиққан одамларга раҳмат!

Тавсиялар вазиятга қараб мунтазам равишда янгиланмоқда. Асосийси, уйда қолиш ва энг яқин бомбапаноҳни топиш. Ўзимизникиларни кўрдим, эшигимизни эрталабдан масъуллардан кимдир очди. Шу инсонга ҳам раҳмат.

Наталья, 40 ёшда

Эрталаб соат 5 ларда уйғондим. Аввалига товушларни момақалдироққа ўхшатдим. Аммо улар сони ошиб, авиация овози ҳам эшитилгач, бошланганини англаб етдим…

Қўрқувни ҳис қилдик, албатта. Биз нарсаларни, ҳужжатларни йиғишни бошладик… Қизимни уйғотдим. Бу шу кунларда, XXI асрда содир бўлиши мумкинлигига бугунгача ишонмагандик. Лекин, албатта, биз барча эҳтимолий сценарийлар ҳақида огоҳлантирилгандик. Ҳамма жойда ҳар қандай ҳолатда нималарни тўплаш кераклиги, ўзини қандай тутиш лозимлиги, бомбапаноҳлар хариталари ва бошқалар ҳақида маълумотлар бор эди. Қаерга бориш керак, нима қилиш керак. Аммо буларнинг барчаси ҳар эҳтимолга қарши, тайёр бўлиб туриш, ваҳимага тушмаслигимиз учун эди.

Менинг шаҳрим пойтахтдан 35 км узоқликда жойлашган. Ҳамма жойдаги ҳарбий локациялар бомбардимон қилинди. Украинанинг барча йирик шаҳарларида ва чегараларда бўлгани каби, ҳарбий аэропортимиз ҳам ҳужумга учради.

Озиқ-овқат ва бошқа нарсалар бўйича олдиндан тайёргарлик кўрдик. Шунинг учун мен шахсан ҳозир шаҳарда нима бўлаётганини кўрмадим. Аммо дўстлар айтишяпти, ҳа, ёқилғи қуйиш шохобчаларида, дорихоналарда, дўконларда навбатлар, балки бордир. Лекин бизнинг дўконларимиз ҳаммаси маҳсулотлар ва бошқа нарсалар билан тўлдирилганлиги сабабли, мен коллапс бўлади деб ўйламайман.

Бугун бирламчи эҳтиёжга кирмайдиган дўконлар очилмади. Шаҳар ҳокими ҳар қандай ҳолатда ҳам дорихоналар ишлашини айтди. У Facebook орқали аҳолига мурожаат қилади. Эрталабданоқ барча кўрсатмаларни берди: нима қилиш керак, қаерга қўнғироқ қилиш зарур, ишонч телефонлари рақамлари. Ваҳимага тушмаслигимиз учун — чунки бизни қўрқитиш ва ваҳима яратиш мақсад қилинган.

Эрталаб қишлоқнинг барча кексалари ва шаҳардаги барча масъуллар йиғилишди. Мен идораларимизнинг Telegram ва Facebook`даги барча расмий саҳифалари орқали [вазиятни] кузатиб бораман. Ҳукумат сохта хабарларга ишонмаслик ва фақат ишончли манбаларни тинглаш, ваҳимага тушмаслик ва ҳарбий ҳолатдаги кўрсатмаларга риоя қилишга чақиради.

Банкоматларда навбат бор, лекин банк тизими одатдагидек ишлаяпти. Алоқа ишламоқда. Баъзи операторлар яхши ишлайди, баъзилари биринчи мартадан қўнғироқ қилишга имкон яратмасада, лекин иккинчи, учинчи уринишда тушиш мумкин. Интернет ишлаяпти.

Президент ҳар соатда мурожаат ёзиб, хабардор қилмоқда. Ҳарбий объектлар яқинида бўлган фуқароларга бир муддат кетиш ёки бирор нарса содир бўлса, кўрсатмаларга риоя қилиш тавсия қилинди.

Биз бу охиргиси бўлишига, улар бомбардимон қилишда давом этмаслигига жуда умид қиламиз. Умид қиламизки, улар чекинадилар, нимадир ҳал бўлади. Аммо бизни энди ҳеч нарса ажаблантирмайди. Мактаблар ва болалар боғчалари ёпилган. Транспорт бепул. Касалхоналар ишлаяпти. Барча шифокорлар бор. Армиямиз урушга йўл қўймаслигига ишонамиз. Ҳозир илгари АТОда (Украина шарқидаги аксилтеррор операцияси, 2014−2018 — таҳр.) бўлганларнинг барчаси чақирилди. Бор куч билан, айниқса охирги кунларда ёрдам беришди. Давлат саъй-ҳаракатларидан ташқари, 2014 йилдан буён кўнгиллилар ишлашмоқда.

Ия, 43 ёш, Киев

Телевизион ва онлайн каналларимиз янгиликларидан билиб олдим. Бу [босқин бўлиши] кутилган эди, лекин бундай бўлмайди деб умид қилгандик.

Дўконлар учун навбатлар бор. Мен уй олдидаги дўконга бордим. Нон ололмадим. Икки дақиқада олиб кетишибди. Эрталаб соат 7 дан навбатлар… Дўкондаги ичимлик суви сотилиб кетди. Одамлар ун, хамиртуруш, ёрмаларга ёпирилишди ва умуман олганда, расталар деярли бўш.

Ҳукумат чора кўрмоқда, бомбапаноҳлар тайёрланмоқда, шаҳар патрул қилинмоқда. Ваҳима қилмаслик сўралмоқда.

Эрта бўлмаслигини, ҳозир ва шу ер борлигини ҳис қиламан. Уруш оддий нарсаларни қадрлашни ўргатади. Чиниқиш, жипс ва кучли бўлишга мажбур қилади. Қадриятлар ўзгаради, ортиқча нарсалар четга сурилади.

Зарина, 46 ёш, Чернигов вилояти

Тахминан 6:00 — 6:30 ларда иккита портлаш овози эшитилди, 10 дақиқадан сўнг яна учта, лекин кучлироқ. Қўрқув ва даҳшатни ҳис қилдик…

Бутун Украина бунгача бормаслигини умид қилганди. Биз тинчлик учун ибодат қиламиз. Албатта, одамлар шокда. Озиқ-овқат дўконларидаги навбатлар. Мактаблар ва болалар боғчалари ёпилди. Ёқилғи қуйиш шохобчаларида ҳам навбатлар бор.

Президентимиз доимий равишда содир бўлаётган воқеалар ҳақида хабар бериб, ваҳимага тушмасликни сўрамоқда. Ҳарбийлар ҳаммаси яхши бўлади, халқни қўллаб-қувватлаяпти, деб видеолар жўнатмоқда.