Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқаролари, шу жумладан, Россиянинг Украинага яқин ҳудудларида жойлашган олий ўқув юртлари талабалари учун хавотирланишга сабаб ва асослар йўқлигини маълум қилди.

Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси ҳамда Ростов-Дон шаҳридаги бош консулхонаси Россия Федерациясининг тегишли вазирлик ва идоралари билан яқин ва доимий алоқада бўлиб турибди, дейилади хабарда.

«Фуқароларимиз учун бирон бир хавф-хатар юзага келганда, тезкор равишда тегишли чоралар кўрилади», — дея таъкидлади ТИВ.

Зарур ҳолларда Ўзбекистон фуқаролари қуйидаги алоқа рақамларига мурожаат қилишлари мумкинлиги таъкидланган:

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси: +7 499 230-00-76, +7 499 230-00-32;

Ростов-Дондаги бош консулхона: +7 988 586-59-82, +7 918 554-04-76, +7 988 586-70-35, +7 988 586-59-82.

Бундан аввал, Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси Украинада таълим олаётган ўзбекистонлик талабаларга мурожаат қилиб, ўқишни Ўзбекистонда туриб масофавий шаклда давом эттиришни тавсия қилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси ўзбекистонликларни эвакуация қилиш режасини ишлаб чиқаётганлигини маълум қилганини ёзган эдик.