Украина ҳаво ҳудуди йўловчи ҳаво кемалари қатновлари учун ёпилиши муносабати билан, HY-3731/3732 Тошкент — Киев — Тошкент мунтазам қатновларининг 27 февраль ва 2 март кунлари режалаштирилган парвозлари бекор қилинади. Бу ҳақда Uzbekistan Airways матбуот хизмати хабар қилди.

Бекор бўлган парвозлар йўловчилари авиачипталарининг тўлиқ қийматини чипта сотиб олинган жойда қайтариб олишлари ёки парвозлар қайта тикланганидан кейин бошқа санага бепул қайта бронлаш ҳуқуқига эгадирлар, дейилади хабарда.

Uzbekistan Airways йўловчилар жадвалдаги ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида қўшимча равишда хабардор қилинишини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Uzbekistan Airways 24 февраль куни Наманган — Краснодар йўналиши бўйича HY-9825 рейси Россиянинг Ростов вилояти ҳаво майдони йўловчи самолётлари учун ёпилгани сабабли ортга мажбурий қайтаётганини маълум қилган эди.

Шунингдек, Россия жанубидаги 12 та аэропорт ҳам 2 мартга қадар фаолиятини тўхтатди.