2021 йилда Адлия вазирлиги томонидан қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича 24,8 мингта тақдимнома киритилган. Бу ҳақда «Газета.uz»га вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Шундан энг кўп — таълим муассасаларига 8232 та, ҳокимликларга 2633 та киритилган. Соғлиқни сақлаш муассасаларига 1492, бандлик ва меҳнат муносабатлари идораларига 919, кадастр агентлиги ташкилотларига 654 тақдимнома киритилган.

Шунингдек, фуқаро A.Ҳ. Россиянинг Псков давлат университети тарих факультетини бакалавр босқичини 2018 йилда тамомлаганини, лекин бу Ўзбекистонда тан олинмаётгани бўйича Адлия вазирлигига мурожаат қилган.

«Мурожаат бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига тақдимнома киритилган ва натижасида фуқаронинг хорижда ўқиганлик дипломи тан олинган», — дейилади маълумотда.

Бундан ташқари, фуқаро Т.М. икки ойдан буён ишсизлик нафақаси тўланмаётгани тўғрисида мурожаат қилган. Ўрганиш давомида, Андижон вилоятида ишсизлик нафақаси бўйича жами 1,3 млрд сўм қарздорлик мавжудлиги аниқланган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига киритилган тақдимнома натижасида Молия вазирлиги томонидан қўшимча маблағ ажратилиши ҳисобига ишсизлик нафақаси бўйича қарздорликлар бартараф этилган.

Тақдимномалар натижасида 9,2 минг нафар шахслар маъмурий, 15,7 минг нафар шахслар интизомий жавобгарликка тортилди, шундан 733 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Аввалроқ, Адлия вазирлиги мактаблардаги кадр хизмати ходимининг лавозим разрядларини пасайтириб кўрсатиш оқибатида ойлик маош 16 млрд сўмга камроқ тўлаб берилганини аниқлаганди. Ҳозирга қадар кўрилган таъсир чоралари натижасида эса фақатгина 3 млрд сўм маош тўланишига эришилган.