Жиззах вилоятида ўзбекистонликларни айланма йўллар орқали хориж давлатларига жўнатишга ваъда қилганликда гумонланган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Бу борада Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Жиззах вилояти бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.

Фуқаро Ш. Ш. бошқа бир фуқаро Ж.га уни танишлари ёрдамида Туркия, Италия ёки Мексика давлатлари орқали айланма йўллар билан АҚШ ҳудудига олиб ўтиши ва ушбу давлатда ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 20 000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунга ўхшаш ҳолат Фарғона вилоятида ҳам кузатилди. Фуқаро А.С. фуқаро Н.нинг 3 500 АҚШ доллари эвазига Корея давлатига ишга жўнатишни ваъда қилиб, олдиндан 300 АҚШ доллари ва 500 минг сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушлангани айтилмоқда.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.