Украина атрофидаги вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан 24 февраль куни Москва вақти билан 03:45 дан бошлаб Россия жанубидаги бир қатор аэропортларга парвозлар вақтинча чекланади, дея хабар қилди «Росавиация».

Қуйидаги аэропортлар иш фаолиятини тўхтатган: Ростов (Платов), Краснодар (Пашковский), Анапа (Витязево), Геленджик, Элиста, Ставрополь, Белгород, Брянск, Орел, Курск, Воронеж, Симферополь.

Бундан ташқари, РФ пойтахти Москвадаги Шеремьетево аэпропортидан мамлакат жанубига 10 дан ортиқ рейслар ҳам бекор қилинди. ТАСС хабарига кўра, Сочи аэропортида бешта рейс кечиктирилди, аэропорт самолётларни қабул қилади ва чиқаради, парвозларнинг вақтинчалик тўхтатилиши бунга таъсир қилмаган.

Аввадроқ ОАВда «Росавиация» РФнинг Украина билан чегарадош ҳудудлари ҳаво кенгликларини фуқаро авиацияси парвозлари учун ёпгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган эди.

Эслатиб ўтамиз, Uzbekistan Airways 24 февраль куни Наманган — Краснодар йўналиши бўйича HY-9825 рейси Россиянинг Ростов вилояти ҳаво майдони йўловчи самолётлари учун ёпилгани сабабли ортга мажбурий қайтаётганини маълум қилди.

24 февраль куни Россия президенти Владимир Путин Донбассда «махсус ҳарбий операция» бошланганини эълон қилди, бироқ Украинанинг Киев, Харьков ва бошқа шаҳарларида ҳам портлашлар бошланди. Шундай қилиб, Россия расман Украина ҳудудига бостириб кирди.