Украина атрофидаги можаро эскалацияси фонида жаҳон бозорларида шиддат билан пасайиш кузатилмоқда, деб хабар бермоқда Reuters.

Душанба, 21 февраль куни, РФ президенти ўзини ўзи республика деб эълон қилган ДХР ва ЛХРни тан олиш тўғрисида фармонни имзолади. Хабарда айтилишича, Россия ушбу ҳудудларга ҳарбий кўмакни кўрсатишга тайёр. Украина президенти Владимир Зеленский ва жаҳоннинг қатор йирик сиёсатчилари ушбу қарорни кескин қораладилар.

Владимир Путиннинг халққа телемурожаати пайтида баъзи бозорлар, хусусан, Россия бозори ҳали ёпилмаган эди. Шу тариқа, Япониянинг Nikkei индекси очилгандан бери деярли 2,2 фоизга пастлади, Жанубий Кореядаги Kospi савдо бошида 1,4 фоизни йўқотди. Америка индекслари учун фьючерслар Уолл-стрит S&P 500да 1,8 фоизга, Nasdaq`да 2,5 фоизга пасайганини кўрсатди.

Европа фонд бозорларида «шторм» кучлироқ бўлди. Германиянинг Dax индекси ва Франциянинг Cac 40 индекси 3,7 фоиздан паст бўлган кўрсаткчиларда ёпилди.

Ўз навбатида, Россия фонд бозори ҳам «қора душанбани» бошдан кечирди. РТС фонд биржасида доллар индекси савдони 13,2 фоизга, рублли MOEX эса — 10,5% пастлаш билан якунлади. Натижада Россия валютаси 3,3% йўқотди.

Москва биржаси индекси 14,22 фоизга пасайиб, 2910,49 пунктга етди, бу эса 2008 йил ноябридан бери энг кучли кунлик қулашдир.

Таҳлилчилар, сешанба куни АҚШ қимматли қоғозлари пасайиш билан очилганини таъкидламоқдалар, чунки бир кун аввал америка индекслари учун учта фьючерс олдин олинган даромадларни ўчириб, пасайиш билан ёпилган. Бу бозорда янада кўпроқ йўқотишларга олиб келади.

Шу билан бирга нефть баҳоси сешанба куни бир баррель учун $95дан юқорилади. Шундай бўлсада, бу ўтган ҳафтадаги котировкалардан паст ҳисобланади, ўтган ҳафтада нефт баҳоси бир баррель учун $96 бўлган ва бу билан сўнгги 7 йилдаги рекордни янгилаган эди.

Brent маркасидаги нефт Осиё бозорида $95,39 сотилмоқда. West Texas Intermediate шартномаси 3%дан ортиққа қимматлади — бир баррель учун $94 га етди.