Тошкент вилоятининг Бекобод туманида 64 туп дарахт ноқонуний кесиб кетилгани аниқланди, деб хабар берди Давлат экология қўмитаси.

Ҳолат Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Тошкент вилояти Миллий Гвардия бошқармаси ва Экополиция инспекторлари томонидан рейд тадбирлари ўтказилди.

Аниқланишича, Бекобод туманининг «Сарюз» МФЙ ҳудудида фуқаро O.X. ва бир гуруҳ фуқаролар томонидан 64 туп қарағай дарахти ноқонуний равишда таг қисми билан кесиб олиб кетилган.

Фото: Давлат экология қўмитаси.

Ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисми (дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш) билан БҲМнинг 5 баробари — 1 млн 350 минг сўм жарима белгиланди. Қолаверса, 1 млрд 575 млн сўм ўсимлик дунёсига етказилган зарар ҳисобланган.

Барча тегишли ҳужжатлар жамланиб, иш ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.

Дарахтларни кесишга уринишлар уларни кесишга доир мораторий этилган даврда содир этилмоқда. Президентнинг 30 декабрдаги фармони билан мораторий муддатсиз даврга узайтирилди. Ўзбекистонда 1 мартдан эса «Яшил йиллик» умуммиллий тадбири бошланади.