Ўзбекистон мактабларида истиқболда махсус автобуслар ҳаракатини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ЎзАга берган интервьюсида айтиб ўтди.

ИИВ раҳбари болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасидаги режалар ҳақида гапирар экан, «Корея тажрибаси асосида мактаб ёнидан ўтган йўлнинг 300 метр масофасида транспорт воситаларининг ҳаракатланиш тезлигининг юқори чегарасини 30 км/соат этиб белгилаш таклиф этиляпти. Бундан ташқари, мактабларга ўқувчиларнинг келиб-кетишлари учун махсус автобуслар ҳаракатини босқичма-босқич йўлга қўйишга зарурат бор», деб таъкидлаган.

Шунингдек, мактаб ўқувчиларида йўлларда ўзини хавфсиз тутиш юзасидан кўникмалар шакллантирилаётгани, йўл ҳаракати қоидалари бўйича зарурий тушунчалар берилаётгани қўшимча қилинган.

Пўлат Бобожоновнинг айтишича, 380 та умумтаълим мактабида йўл ҳаракати қоидаларини ўқитиш бўйича махсус синфхоналар, яна 167 та мактабда йўл ҳаракатини ўргатиш майдончалари ташкил этилган. Лекин, вазирга кўра, мазкур ишлар билан республикадаги фақат 4 фоизгина мактаблар қамраб олинган, холос.

«Шунинг учун барча мактабларда махсус синфхоналар ташкил этилиб, „Йўл ҳаракати хавфсизлиги“ бўйича алоҳида фан киритиш таклиф қилинмоқда. Туркия тажрибасидан келиб чиқиб, йўл ҳаракати қоидаларига мослаштирилган „Йўл ҳаракати хавфсизлиги“ истироҳат боғларини ташкил қилиш режамиз бор», — деган у.

Вазирнинг айтишича, ҳар йили Ўзбекистон йўлларида 10 минггача автоавария содир этилмоқда. Жумладан, ўтган йили ЙТҲлар оқибатида 965 нафар пиёда вафот этган, шундан 263 нафарини болалар ташкил қилган.

ИИВ раҳбари йўл-транспорт ҳодисаларининг салмоқли қисми пиёдалар иштирокида содир этилаётганига эътибор қаратган.

Шунингдек, автоавариялар содир этилишига асосан ҳайдовчиларни ўқитиш сифати, қоидабузарларга нисбатан жазо таъсирининг етарли эмаслиги, ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига қасддан амал қилмаслиги, шунингдек, йўл инфратузилмасидаги камчиликлар сабаб бўлаётгани таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш масаласига бағишланган йиғилишда йўл ҳаракати қоидалари халқаро стандартлар асосида янгидан ишлаб чиқилишинимаълум қилган эди. Давлат раҳбари Тошкент шаҳридаги мактаб ва боғчалар олдида автомобиль ҳаракатининг максимал тезлигини 30 км/соат, шаҳардаги ҳаракатланиш тезлигини эса соатига 60 кмга туширишга кўрсатма берган эди.