Теҳрон шаҳрида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков ва Эрон саноат, конлар ва савдо вазири Саид Ризо Фотими Амин ҳамраислигида Ўзбекистон ва Эрон ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 14-йиғилиши ўтказилди, деб хабар бермоқда Инвестициялар ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Йиғилиш кун тартиби доирасида инвестициявий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.

Жумладан, ҲК доирасида инвестициялар бўйича қўшма қўмитасини ташкил этиш ва жорий йилнинг биринчи ярмида унинг биринчи йиғилишини ўтказишга келишилган. Бундан ташқари, инвестициявий ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ўрганиш ҳамда ҳамкорликнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон ҳудудларига Эроннинг саноат жиҳатидан ривожланган ҳудудлари маъмуриятлари раҳбарларидан иборат бизнес-миссиялар ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, ҲК платформасида транспорт ва логистика бўйича қўшма кичик қўмитани ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилган.

Қўмитани вазифаси Ўзбекистон, Эрон ва минтақа давлатлари ўртасида транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, янги кам ҳаражатли йўналишларни ишлаб чиқиш ҳамда икки давлатнинг транспорт ва транзит салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича истиқболли таклифларни ўрганиш ва шакллантиришдан иборат бўлади.

Икки мамлакат транспорт идоралари томонидан ушбу таклифларни амалга оширишнинг аниқ чора-тадбирлари ва муддатларини ўз ичига олган қўшма «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқилиши кўзда тутилмоқда.

Томонлар савдо соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришнинг мавжуд имкониятлари юзасидан фикр алмашган ҳамда цитрус мевалар, дуккакли маҳсулотлар, қуритилган мевалар, кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат ва электротехника саноати, асбоб-ускуналар, қурилиш материаллари етказиб беришни ўзаро кўпайтиришга тайёр эканликларини билдирганлар.

Савдо айланмасининг барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини қисқа муддатда имзолаш учун уни келишишни тезлаштириш, шунингдек, ўзаро савдо ҳажмини оширишнинг янги ўзаро манфаатли механизмларини ишлаб чиқиш юзасидан якдил қарорга келинган.

Шунингдек, жорий йилда икки мамлакатнинг турли ҳудудларида ўзбек ва эронлик ишлаб чиқарувчиларнинг тармоқ кўргазмаларини ўтказиш амалиёти йўлга қўйилишига келишилган.

Транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан ҳам конструктив фикр алмашилган. Жумладан, Ўзбекистондан экспорт қилинадиган товарларни Эрон ҳудуди орқали транзит қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифлар муҳокама қилинган.

Шунингдек, кимё, енгил саноат, электротехника, озиқ-овқат, фармацевтика, металлургия, машинасозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, сувни тежайдиган технологиялар ва агросаноат соҳаси каби устувор тармоқларда саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва қўшма инвестиция лойиҳалари сонини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинган. Яқин келажакда икки мамлакатнинг етакчи компаниялари иштирокида қўшма саноат кооперация дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича келишувга эришилган.

Йиғилишда маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлаб жорий йилда Ўзбекистон-Эрон Маданият кунларини ўтказиш истиқболлари кўриб чиқилган.

Туризм соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинган ҳамда ушбу соҳада идоралараро ҳамкорликнинг алоҳида дастурини ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилган.

Таъкидланишича, ҲК ҳамраислари музокаралар давомида эришилган ва Ўзбекистон-Эрон ҳамкорлигини ҳар томонлама чуқурлаштиришга қаратилган барча икки томонлама келишувларни қамраб олган қўшма «Йўл харитаси»ни қисқа муддатда ишлаб чиқиш ва имзолашга келишиб олишган.