Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида фонд директори лавозимига Давлетова Нозиманинг номзоди тасдиқланди.

«Нозима Давлетова жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассис. У „Халқаро музокаралар“ соҳасида университетда дарс бериш тажрибасига эга, гендер масалалари бўйича лойиҳалар ташаббускори ва координатори бўлиб ишлаган», — дейилади хабарда.

Нозима 2011 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия унивeрситeтинининг (ЖИДУ) Халқаро муносабатлар факультетини тамомлаган. 2011−2013 йилларда Сукуба университетида Халқаро муносабатлар мутахассислиги буйича магистратурада таълим олган. 2015 йилдан ЖИДУ «Халқаро муносабатлар» кафедраси ўқитувчиси лавозимида ишлаган.

У мазкур лавозимда 2021 йилнинг февралидан фондга раҳбарлик қила бошлаган Aкбар Ризаевнинг ўрнини эгаллади. Унга қадар эса 2020 йилнинг июлидан Александра Колесниченко фонд директори лавозимида ишлаган.

Фонд ташкил этилганидан бери мазкур лавозимда блогер, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев фаолият юритган. У бу вазифани Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари этиб тайинлангунига қадар бажариб келган.