Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ички ишлар ходимларини видеога олиб, унинг рухсатисиз ижтимоий тармоқларга жойлаганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш кутилаётганини маълум қилди.

У бу ҳақда жума куни Сенатда бўлиб ўтган Парламент комиссияси йиғилишидан сўнг, журналистлар билан суҳбат вақтида айтди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

«Куни кеча (17 февраль, пайшанба куни назарда тутилмоқда — таҳр.) ҳурматли президентимизнинг [ПҚ-118-сон] ички ишлар идоралари ходимларини ижтимоий ҳимоясини такомиллаштириш бўйича қарорга қўл қўйдилар. Унда топшириқ ўтган, айнан шу хизмат вазифасини бажариш жараёнидаги ходимларни видео суратга олгандан сўнг, унинг рухсатисиз ижтимоий тармоқларга чиқаришга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланади», — деди Бекмурод Абдуллаев.

Бироқ, давлат раҳбарининг ПҚ-118-сон қарори ҳозиргача қонунчилик маълумотлари миллий базаси — Lex.uz сайти, Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот Telegram-канали ёки Ўзбекистон ахборот агентлигида ҳам эълон қилинмаган.

Kun.uz`нинг ёзишича, ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шохруҳ Ғиёсов президент имзолаган 118-сонли қарорда шу ҳақда вазифа юклатилганини тасдиқлаган.

Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz».

«Ходимларни видеога олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатганлик учун ҳали маъмурий жавобгарлик белгилангани йўқ… Президент селекторида ҳам ушбу масала кўтарилганди. Давлат раҳбари қонунчиликка ўзгартириш киритиш бўйича вазиримизга топшириқ берганлар. Ушбу таклиф ишлаб чиқилгач, лойиҳа шаклида жамоатчилик муҳокамасига қўйилади, ҳамма бу борада ўзининг фикрини билдириши мумкин бўлади. Шунда ҳам тўлиқ тақиқ бўлмайди, лекин қандайдир чегаралар қўйилади», — деди Шохруҳ Ғиёсов.

У шунингдек, айни пайтда давлат хизматчиларини, жумладан, ички ишлар ходимларини видеога олиш қонунан тақиқланмагани, давлат раҳбарининг топшириғига биноан қонунчиликка киритиладиган ўзгаришларда бу борада кузатилаётган муаммолар тартибга солинишини қўшимча қилган.

«Ўша пайтда айтган сўзларим ҳозир ҳам кучида. Айни пайтдаги қонунчиликка кўра, жамоатчилик назорати инструменти сифатида давлат хизматчиларини бемалол тасвирга олиб, тарқатиш мумкин. Бугунги кунда бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳозир ҳам бу меъёр ўз кучида», — деди у.

«Вазир ўринбосари [Бекмурод Абдуллаев] ходимларни видеога олиб тарқатганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши мумкинлигини айтганда «уларнинг рухсатисиз» деб айтган эди. Интернетга тарқатиш учун ходимнинг рухсати талаб этилади. Масалан, биз журналист ва блогерларга бир нарсани эълон қилишдан олдин биздан изоҳ олишини, қайсидир ҳолатни нотўғри талқин қилиш орқали асоссиз маълумот тарқатган бўлиб қолишлари мумкинлигини, бунинг учун эса жавобгарлик борлигини доим айтиб келамиз, — деди Шохруҳ Ғиёсов.

Таъкидланишича, фуқаролар ички ишлар ходимлари билан қандайдир низоли вазият юзага келганида ёхуд улар хизмат ваколатидан ташқарига чиққанида, ўзлари учун жараённи видеотасвирга олишлари мумкин. «Ҳали бу жараён энди бошланди, бу бўйича ҳужжат ишлаб чиқилгани йўқ. Ишлаб чиқилгач, у муҳокамага қўйилади. Шунда ҳам бутунлай тақиқлаш йўлидан борилмайди. Аммо соҳадаги мавжуд муаммолардан келиб чиқиб ходимларни видеога олиш ва тарқатиш жараёни қонун билан тартибга солинади», — деди ИИВ расмий вакили.

Мазкур хабарга Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам муносабат билдирди.

«Буни Президент топшириғи, дея талқин қилмоқда. Лекин бизнингча бу кўпроқ вазирликнинг хоҳиши, балки Бекмурод Абдуллаев жанобларининг ўзи истаяпти. Уларнинг истаги айни вақтда мантиқсиз, тенглик ва демократия тамойилларига зид ҳисобланади. Чунки, ички ишлар тизими ходимлари бировнинг тўшагига қадар кириб видеога олиб, интернетга тарқатганда ёки ўзларига ёқмаган блогерни ушлаб бутун интернетда „гей“ қилиб кўсатишга интилганда ҳам улар қонун олдида жавоб берганини кўрмадик», — дея таъкидлади у.

У ИИВнинг хатти-ҳаракатлари чегарадан ўтиб кетаётганини танқид қилди.

«Тизим ўз ходимларининг «бузуқ» ва ноқонуний ҳаракатларига кўз юмиб келаётган бир вақтда биз фуқароларнинг бирор бир ички ишлар вакилининг тўшагигача камера (собиқ депутат Феруза Бабашева билан боғлиқ ҳолат назарда тутилмоқда — таҳр.) билан киргани ёки ходимни «гей»га чиқарганини ҳам кўрмадик. Балки тасвирга олиб тарқатиш масаласида чекловни ички ишлар ўз тизимида кучайтиришни ўйлаб кўрар. Чунки уларники чегарадан ўтиб кетмоқда», — деди Расул Кушербаев.

Унинг сўзларига кўра, «халқдан нимадир талаб қилишдан аввал инсон ўзи халққа намуна бўлиши керак».

«Албатта биз бу каби демократияга зид, жамоатчилик назоратини чеклайдиган қонунлар қабул қилинишига қаршимиз», — дея қўшимча қилди депутат.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 11 февраль куни йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид йиғилиш ўтказганди. Унда давлат раҳбари йўл ҳаракати қоидалари халқаро стандартлар асосида янгидан ишлаб чиқилишини маълум қилганди.