Тошкент тиббиёт академияси профессори Зарифбой Ибодуллаев Facebook`даги саҳифаси орқали илмий жамоатчиликка мурожаат билан чиққан. Қуйида унинг мурожаатини айрим жузъий таҳрирлар билан эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ўзбек олимларига мурожаат ёки сиёсатга қул бўлмайлик! Ҳурматли олимлар!

Келинг, ҳақиқатга тик қарайлик! Ўзбекистон илм-фани тобора жар ёқасига яқинлашмоқда. Илмга кириб келаётган ёш олимлар орасида плагиатлик авж олди. SCOPUS`да мақола чиқариш худди Шўролар даврида қандай бўлмасин пахта планини бажариш каби бўлиб бормоқда. Илмий Кенгашда Ректорлар кафедра мудирларига очиқдан-очиқ «Кўпроқ мақола ёзинглар ва бизнинг институт топ 1000 таликка кириши керак» деб қайта-қайта ёшлар олдига режалар қўйиб ташламоқда. Натижада деярли 80−90% илмий мақола ҳаводан олиб ёзиб ташланмоқда, айниқса тиббиётда ана шундай ачинарли аҳвол.

Илм қила оладиган ходим ҳам, қила олмайдигани ҳам диссертация ёқлашга ундалмоқда. Мана 30 йилдирки, ҳеч ким кафедралар моддий-техник базасини яхшилаш ҳақида қайғурмайди ёки ёлғондан қайғуради. Демоқчиман-ки, 30 йилдан буён бизга ваъдалар берилади, бироқ кафедра ва илмий лабораториялар анжомлари эскиргандан эскириб бораяпти. Тўғри! Баъзи кафедраларга янги ускуналар келтирилган, бироқ бундайлар бармоқ билан санарли.

Яна қайтариб айтаман: илм-фанда плагиатлик очиқчасига авж олди ва энг ачинарлиси бундан ҳеч қайси Устоз ва ҳеч қайси шогирд уялмаяпти. Плагиатлик оддий ҳолга айланиб қолмоқда.

Илмий-амалий фалокат ёки Сардобада олимлар нима иш қилишди?

2020-йил 6 июнь куни Sof.uz сайтида чоп қилиниб, ижтимоий тармоқларда тарқалган «Зоологлар кўрсичқон ва тулкиларнинг Сардоба тўғони емирилишига таъсирини ўрганди» мавзусидаги маълумотга кўзим тушди. Аввалига буни ҳазил деб ўйладим. Кейин билсам ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Зоология институти мутахассислари Сардоба сув омборига «илмий сафар» га юборилган. Фанлар академияси матбуот хизматининг маълум қилишича, сафарнинг мақсади ёввойи кемирувчилар ва бошқа ҳайвонлар фаолиятини Сардоба сув омбори тўғони ҳолатига таъсирини аниқлаш бўлган… Илмий хулосани яна ўқиймиз… «Тўғон ён бағрининг 3 бўлимида оддий кўрсичқоннинг очилиб қолган ин йўллари топилди… Тўғоннинг юқори қисмида эса Тамариск қумсичқонининг инлари қайд этилди. Шунингдек, тулки ини топилди…» .

Ҳурматли олимлар! Ўзбекистон тақдири ва унинг келажагини ҳокимлар ёки сиёсатчилар эмас, илм-фан белгилаб беришини биздан яхши биладиганлар бўлмаса керак. Кўриб турганингиздек, Давлатни талон-тарож қилган, юртга миллиардлаб талофатлар келтирган ва оддий ҳалқни уй-жойдан маҳрум қилган бу сиёсатчилар ўзларининг жирканч кирдикорларини ёпди-ёпди қилиш мақсадида Фанлар Академияси ходимларини тулки ва кўрсичқон инини излаб топишга юборишган. Бу воқеани мен мисли кўрилмаган бедодлик ва шармандалик деб ҳисоблайман. Бундайлар учун на олимнинг, на илм-фаннинг қадри бор.

Биз олимлар токайгача индамай келамиз? Барча йўналиш олимлари учун ишлар тиқилиб ётибди-ку! Уларни нега дадил-дадил Президент Маъмуриятига олиб чиқмаймиз? Фанлар Академияси нега ухлаб ётибди? Фанлар Академияси мени фикримча аллақачон қариялар уйига айланган! Бирорта оламшумул янги кашфиёт йўқ! Ўзбек олимлари нега бу аҳволга тушиб қолди? Қани Яҳё Ғуломовлар? Қани Иброҳим Мўминовлар? Қани Обид Содиқовлар? Қани Ҳабиб Абдуллаевлар? Қани Ўктам Ориповлар? Қани Комилжон Аҳмаджонович Зуфаровлар? Қани Восит Воҳидович Вохидовлар? Қани Саъди Сирожиддинов ва Тошмуҳаммад Саримсоқовлар?! Қани Ёрқин Тўрақуловлар? Қани Ҳамид Сулаймоновлар? Қани Хадича Сулаймоновалар? Қани Бўривой Аҳмедовлар? Қани Пўлат Қирғизбоевич Ҳабибуллаевлар? Ахир бундай инсонлар сизлар ёмонлайдиган Совет Ўзбекистонида етишиб чиққан эдику! Улар олдида Россия, Украина, Беларусь олимлари бош эгиб турарди-ку, узоқ хориж давлатлари юксак эҳтиром билан кутиб олишардику уларни! Ҳали мен баъзиларини санадим холос. Бу ўзбек олимлари ўзбек номини ҳақиқатан ҳам дунёга танитган ва ҳақиқий илмни қилиб, ўзи ҳам машҳур бўлган Ўзбекистон илм-фани юлдузлари эдику? Нега бундай олимлар ҳозир етишиб чиқмаяпти? Бу саволни мен ҳув тепада ўтирган ҳукумат аъзоларига бераяпман. Қани жавоб беринг! Нега Ўзбек илм-фанини хароб ҳолатга келтирдингиз?! Нега?!

Нега шундай муқаддас юрт тақдирини бир ҳовуч лаганбардор, коррупционер ва ҳалқ олдида бир пуллик обрўси йўқ баъзи ҳоким ва вазирларга топшириб қўйдик? Вилоят ҳокими қайсидир туман аҳолиси унга ёқмагани учун, ушбу туманни харитадан ўчириб ташлайман деса, яна бири ўзи ҳақида шеър айттирса, яна бири президентга ёқиш учун бир муддат темир вагонга кириб яшаса, бошқа бири ўқитувчиларни бутун юртга калака қилса, бошқа бири пиёда юрсанг Дубайга юбораман деса ва ҳ.к. ва ҳ.к. Қани сиёсий илм? Қани фаҳм-фаросат? Қани мантиқ? Ҳамма ёқни ёлғон босдику! Уялмайсизларми?

Баъзи Вазирлар таълим жараёнини зудлик билан тўхтатиб минглаган талабаларни вилоятларга одамлар бўйни ва қорин айланасини ўлчашга юборса, профессорлар ОТМ да ўтириб дарс ўтиш ва лабораторияда илм билан шуғулланиш ўрнига маҳаллама-маҳалла юришга мажбурланса. Бу беъманиликни кети борми? Қани менга айтингчи? Бундай ишларда мантиқ борми? Бунақада илм-фан маҳалла даражасига тушиб қолмайдими? Ахир ҳар ким ўз ишини қилиши керак эмасми?

Марҳамат қилиб жавоб беринг! Ўзбекистон фақат маҳалладан иборат эмас-ку ахир! Илм-фан деган нарса ҳам бор-ку ахир! Барча соҳа олимлари учун ечимини кутиб ётган ва ўша муаммолар ечилмаса, юрт равнақи ҳақида гапирмаса ҳам бўладиган аччиқ-аччиқ ҳақиқатлар бор. Илтимос! Ҳурматли олимлар! Сиёсатга қул бўлмайлик, юрт равнақи учун хизмат қилайлик! Бор ҳақиқатни президентга етказайлик. Биз нотўғри йўлдан кетмаяпмиз-ми?

Ҳурмат билан профессор Зарифбой Ибодуллаев, 19 февраль 2022 йил.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.