Айиқ қафасидан омон қолган қизалоқ шифохонадан уйига қайтди. ССВ матбуот хизмати қизалоқнинг аҳволи яхшилиги ҳақида хабар берди.

Шу йилнинг 28 январида ҳайвонот боғида айиқ қафасига ташлаб юборилган қизалоқ Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилганди.

24 кундан бери шифокорлар назоратида бўлган қизалоқ барча тиббий кўриклар ижобий натижа кўрсатгани ва руҳий ҳолати меъёрида экани инобатга олиниб уйига қайтишга рухсат берилган. Қизалоқ ҳозирча бувисининг қарамоғида бўлади.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жажжи бемор З.А.нинг 18 ёшга тўлгунига қадар саломатлигини доимий назорат қилиш учун Болалар миллий тиббиёт маркази ва унинг директори, тиббиёт фанлари доктори Алишер Шарипов шахсан масъул этиб белгиланган», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 28 январь куни аёл ўзининг 3 ёшли қизчасини боғ меҳмонлари кўз ўнгида тўсиқ ортидан айиқнинг қафасига ташлаб юборган. Кавказлик Зузу лақабли айиқ қизга яқинлашиб, ҳидлаб кўриб, сўнг ортига қайтган. Ўшанда боғ ишчилари айиқни ички хонага чақириб олишга муваффақ бўлишганди.

Тошкент ҳайвонот боғида айиқ вольерига онаси ташлаб юборган қизалоқда очиқ бош мия жароҳати ва бош мия чайқалиши аниқланиб, ССВ унинг аҳволи яхшилиги ва шифокорлар назоратида эканлигини маълум қилганди.

Шунингдек, уни ташлаб юборган аёл психоневрологик диспансер рўйхатида турган, оилада босимга учраган ва турмуш ўртоғи билан ажрашмоқчи бўлгани хабар берилганди.