Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига саратон олди касалликларини бирламчи босқичда даволаш ускуналарини тақдим этди, дея хабар қилди БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси «Газета.uz». Ускуналарни топшириш маросими 10 февраль куни Япония ҳукуматининг молиявий кўмагида Ўзбекистонда амалга оширилаётган «Бачадон бўйни саратонини эрта аниқлаш учун ОПВ тестини ўтказиш» лойиҳаси доирасида бўлиб ўтди.

Жинсий йўл билан юқадиган одам папиллома вируси (ОПВ ёки HPV) сабаб бўладиган бачадон бўйни саратони дунё бўйлаб соғлиқни сақлаш соҳасидаги долзарб муаммолигича қолмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили 300 мингдан ортиқ аёл бачадон бўйни саратонидан вафот этади. Дунёда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратонидан кейинги ўринда турадиган ва кенг тарқалган саратон хасталиги ҳисобланади. Туғиш ёшидаги аёллар (15−44 ёш) орасида эса бачадон сартонидан ўлим кўрсаткичи иккинчи ўринда туради.

Қорақалпоғистон аҳолисига тақдим этилган ускуналар ёрдамида бирламчи тиббий-санитария бўғинида ишловчи шифокорлар аёллардаги ўсмаларни эрта босқичда даволашда зарур ёрдам кўрсатиши, бачадон бўйни биопсияси, бачадон бўйни гиперкератозида диатермоэлектрокоагуляцияни ўтказиши ва қон кетишини тўхтатиши мумкин бўлади.

Шу билан бирга, ускуна жарроҳликнинг кўплаб соҳаларида ишлаш учун мўлжалланган: амбулатор гинекология, амбулатор жарроҳлик, косметология ва дерматология, режалаштирилган мослашувчан ҳамда қаттиқ эндоскопия ва ҳ.к. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, эндиликда чекка ҳудудларда яшовчи аёллар онкология марказларига эмас, балки тўғридан-тўғри поликлиникаларга бориб, у ерда саратон олди касалликларини даволаш бўйича барча хизматлардан фойдаланиш имконияти пайдо бўлади.

UNFP- Ўзбекистон вакили ўринбосари Камолхон Иномхўжаевнинг қайд этишича, мамлакатда амалга оширилаётган «Бачадон бўйни саратонини эрта аниқлаш учун ОПВ тестини ўтказиш» лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикасида кўрсатилаётган тиббий хизматлар даражасини ошириш ва бачадон бўйни касалликларига чалинган аёлларни даволаш бўйича бошланғич бўғин салоҳиятини кучайтиришни мақсад қилган.

2017 йилда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан бутун мамлакат бўйлаб бачадон бўйни саратони бўйича кенг қамровли скринингни жорий этишни ўз ичига олган саратон касаллигини назорат қилиш ва олдини олиш бўйича миллий режа тасдиқланди. Ушбу режа бачадон бўйни саратонини даволаш ва паллиатив ёрдамни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлардан ташқари ОПВга қарши эмлаш ва бачадон бўйни саратони скрининги каби бирламчи профилактика тадбирларини ўз ичига олади.