Тўрт нафар ўзбекистонликнинг Швейцария банкидаги ҳисоб рақамлари очиқланди

Журналистлар Швейцариянинг Credit Suisse банкидаги ҳисоб рақамлари бўйича сиздирилган маълумотларни ўрганди. Банк хизмат кўрсатган мижозлар орасида Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовнинг рафиқаси, Теннис федерациясининг собиқ раҳбари Игорь Шепелев, Тимур Тиллаевнинг қариндоши ва Алишер Усмоновнинг синглиси бор.

«Ўзавтосаноат» раҳбари автомобиль сотиб олишдаги навбатларни сотиш схемасини ошкор қилди

Uzauto Motors автомобилларини харид қилишдаги навбатлар бузилиши дилерлар берган ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришда содир бўлмоқда, дея маълум қилди «Ўзавтосаноат» раҳбари Шавкат Умурзоқов. Унинг сўзларига кўра, компания машина олишдаги навбатларни айланиб ўтиш ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида савдо маълумотлар базасини ЙҲХББ маълумотлар базаси билан интеграциялашни режалаштирмоқда. Ҳозирда машина сотиб олиш учун навбат 52 мингтагача камайган. Шунингдек, у ишлаб чиқариш ҳажми етишмаслигини маҳаллийлаштириш даражасининг пастлиги билан изоҳлади.

Енгил автомобиль чиқариш пандемиядан олдинги даврдан ортда қолмоқда

Январь ойида Ўзбекистонда 14 мингдан ортиқ енгил автомобиль ишлаб чиқарилди. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2 бараварга кўпроқ. Лекин 2021 йилнинг январида автомобиль заводида ишлаб чиқариш тўхтатилган. Шунингдек, йил бошида қиймати 3,1 млн долларга тенг бўлган 122 та электромобиль импорт қилинди.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захираси 713,9 млн долларга камайди

Марказий банк маълумотларига кўра, 1 фераль ҳолатида мамлакатнинг олтин-валюта захираси 34,425 млрд долларни ташкил этиб, январга нисбатан 713,9 млн долларга камайди. Бунда асосий ролни хорижий валютадаги захираларнинг 532,6 млн долларга камайиши ўйнаган. Олтин захиралари миқдори ўзгармаган бўлсада, унинг қиймати бу ойда 175,1 млн долларга камайди.

UzAutoMotors 2021 йил учун 5,3 трлн сўм утилизация йиғими тўлаши керак — иқтисодчи Отабек Бакиров

2020 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган автотранспорт воситаларига утилизация йиғими жорий этилган. Бироқ ушбу йиғим бўйича ундирилган тўловлар бўйича сўнгги 1,5 йил давомида маълумотлар берилмаган. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, UzAuto Motors ушбу йиғим бўйича 2020 йил август-декабрь ойлари учун қарийб 2,5 трлн сўм, 2021 йил учун эса камида 5,3 трлн сўм тўлаши керак.

ИИВ раҳбари ўринбосари қоидабузар ҳайдовчиларга балл бериш тизими нега 3 йил илгари жорий қилинмаганига изоҳ берди

12 ой давомида ҳайдовчининг қоидабузарлиги учун ҳисобланган жарима баллари 12 баллдан ошса, уни ҳайдовчилик ҳуқуқидан бир йилга маҳрум этиш режалаштирилмоқда. Шундан сўнг, ҳайдовчи қайта имтиҳон топшириб, гувоҳномани олиши мумкин бўлади. Аслида, мазкур тартиб 2018 йилдаёқ ишлаб чиқилган, бироқ жорий этилмаганди. ИИВ раҳбари ўринбосари Бекмурод Абдуллаев «У пайтда биз ҳали бунга тайёр бўлмагандирмиз, вақти энди келгандир», деб изоҳ берди.

Ички ишлар ходимларини видеога олиб, унинг рухсатисиз ижтимоий тармоқларга жойлаш тақиқланиши мумкин

Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев хизмат вазифасини бажараётган ходимларни видеога олгандан сўнг, унинг рухсатисиз ижтимоий тармоқларга жойлаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланишини маълум қилди. ИИВ раҳбари матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов бу борада ҳужжат ҳали ишлаб чиқилмаганини айтди. Унинг қўшимча қилишича, «тўлиқ тақиқ бўлмаса-да, қандайдир чегаралар қўйилади». Бунга депутат Расул Кушербаев эътироз билдирди.

Ўзбекистон мактабларида махсус автобуслар ҳаракати йўлга қўйилади

ИИВ раҳбарининг маълум қилишича, Ўзбекистонда ўтган йили ЙТҲлар оқибатида 263 нафар болалар вафот этган. Болалар иштирокидаги ЙТҲларининг олдини олиш мақсадида, келажакда мактабларда махсус автобус ҳаракатини йўлга қўйиш, шунингдек, «Йўл ҳаракати хавфсизлиги» бўйича алоҳида фан киритиш таклиф қилинмоқда.

Тошкентда авария оқибатида Matiz ва Spark ағдарилиб кетди

Тошкентнинг Себзор кўчасидаги кўприк устида уч автомобиль тўқнашиши натижасида Matiz ва Spark машиналари ағдарилиб кетди. Spark`нинг икки нафар йўловчиси тан жароҳатлари билан шифохонага олиб кетилган.

Бош прокуратура ЎзМУ мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш қўзғатди

Бош прокуратура Ўзбекистон Миллий университети кутубхонасидан тарихий-бадиий аҳамиятга эга 56 та қўлёзма ва тошбосма асарлар талон-торож қилинганини аниқлади. Мансабдор шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

Россиядан Ўзбекистонга олиб келинаётган 7 та цистерна бензин ўғрилаб кетилди

Россиянинг Орск шаҳри нефтни қайта ишлаш заводидан Тошкентга юборилган 7 та цистернадаги АИ-95 маркали бензин ўғрилаб кетилди. Гумондорлар вагонлар люкидаги тамғани бузиб, нефт ташишга мўлжалланган транспорт воситаларига ортиб кетишгани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Нозима Давлетова Миллий масс-медиа фондига раҳбар бўлди

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондига Нозима Давлетова директор этиб тайинланди. У мазкур лавозимда 2021 йилнинг февралидан фондга раҳбарлик қила бошлаган Aкбар Ризаевнинг ўрнини эгаллади.

2021 йилда истеъмолчилар ҳуқуқларини бузган 466 нафар банк ходими жаримага тортилган

Марказий банк 2021 йилда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузган 16 та тижорат банки ва 8 та микрокредит ташкилотидан жами 1 млрд 177 млн сўм миқдорида жарималар ундирди. Шундан 829 млн сўми қоидабузарликларга сабабчи бўлган 466 нафар банк ходими ҳисобидан қопланган. Қолаверса, йил давомида банклардан истеъмолчиларга 25,4 млрд сўм қайтариб берилган.

«Фақат аукцион орқали». Тошкент ҳокими ва ИТСВ раҳбарининг биринчи ўринбосари — технопаркдаги ер ажратишлар ҳақида

Президент 210 гектар майдонда барпо этиладиган «Янгиҳаёт» технопарки лойиҳаси билан танишар экан, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва ИТСВ раҳбарининг биринчи ўринбосари Aзиз Воитовга ер ажратишлар таниш-билиш орқали бўлмайдими, дея савол берди. «Фақат аукцион орқали», деб жавоб беришди иккала раҳбар ҳам бир овозда.

Айиқ қафасига ташлаб юборилган қизалоқ шифохонадан чиқди

Онаси айиқ вольерига ташлаб юборган 3 ёшли қизалоқнинг аҳволи яхшилангани боис шифохонадан уйига жавоб берилди. У ҳозирча бувисининг қарамоғида бўлади.

Фирдавс Абдухолиқов манфаатлар тўқнашуви иши бўйича 8,1 млн сўм жаримага тортилди

Суд Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовни ўзининг оила аъзоларига қарашли бўлган Sevimli TV`га давлат буюртмаларини берганликда айбли деб топди. У максимум жазога — БҲМнинг 30 баравари (8,1 млн сўм) миқдорида жаримага тортилди. Бу юқори даражадаги давлат хизматчиси манфаатлар тўқнашуви учун жавобгарликка тортилган биринчи ҳолат.

2021 йилда допинг туфайли 14 нафар спортчи дисквалификация қилинган — ЎзМАДА

Допинг истеъмол қилиш ҳолатлари асосан оғир ва енгил атлетика, дзюдо, аёллар кураши, самбо, баскетбол, сув полоси, муай-тай ва пауэрлифтинг спорт турларида аниқланган.

Ўзбекистон ва Эрон инвестициялар бўйича қўшма қўмитани ташкил этишга келишди

Ўзбекистон ва Эрон ўртасида Ҳукуматлараро комиссиянинг 14-йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда инвестиция, транспорт ва логистика бўйича қўшма қўмиталарни ташкил этишга келишилган. Ўзбекистон-Эрон ҳамкорлигини ҳар томонлама чуқурлаштиришга қаратилган келишувларни қамраган қўшма «Йўл харитаси» қисқа муддатда ишлаб чиқилиши ва имзоланиши кутилмоқда.

Ҳафта давомида Ўзбекистонда баҳорий илиқ ҳаво сақланиб қолади

Душанба куни Ўзбекистон бўйлаб баҳорий илиқ, ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Сешанбадан эса Кавказдан булутли массивлар кириб келади, шунга қарамасдан ҳафта давомида пойтахтда қуруқ ва илиқ об-ҳаво сақланиб қолади, бошқа ҳудудларда эса бироз ёмғир ёғади.

Энди божхона органларига ёши 30 дан ошган мутахассислар ҳам қабул қилинади

«Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, энди божхона хизматига ёши 30 дан ошган юқори малакали мутахассислар ҳам қабул қилинади. Шунингдек, божхоначилар энди ҳар 2 йилда эмас, балки ДБҚ раисининг буйруғига асосан малака оширади. Қолаверса, божхона органларига пуллик хизмат кўрсатишга ҳам рухсат берилмоқда.

Экстремистик ташкилотлар тарафдорлигида гумонланаётган 24 нафар фуқаро қўлга олинди

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда экстремистик ташкилотлар тарафдорлигида гумонланаётган 24 нафар фуқаро ушланди. Уларнинг яшаш манзилларида ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган тақиқланган материаллар аниқланган.

Ўзбекистонга қарийб 136 минг доза Sputnik Light вакцинаси олиб келинди

Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Sputnik Light вакцинасининг қарийб 136 минг дозасини қабул қилиб олди. Мазкур турдаги вакциналарнинг умумий миқдори 343 минг дозадан ошди.

UNFPA Қорақалпоғистон ССВга саратоннинг эрта босқичларини даволаш ускуналарини тақдим этди

БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) Қорақалпоғистон ССВга саратон олди касалликларини бирламчи босқичда даволаш ускуналарини тақдим этди. Эндиликда чекка ҳудудларда яшовчи аёллар онкология марказларига эмас, балки поликлиникаларнинг ўзида саратон олди касалликларни даволаш хизматларидан фойдаланишлари мумкин.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«Жаҳондан андоза олишнинг ўрнига тескарисини қилаётгандекмиз»

Журналистлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимияти ўртасида кўчалардан қандай мақсадларда фойдаланиш ва жамоат транспорти устуворлиги юзасидан мунозара бўлиб ўтди. Шаҳар маъмурияти кўчаларда йўловчи ёки юк ташиш имкониятини эмас, балки ҳаракат ўтказувчанлигини оширишга эътибор қаратмоқда, реконструкция қилинаётган кўчаларда муаммо кўрмаяпти ҳамда янги тротуарлар ва вело-йўлакларни қулай, трамвайни эса Навоий кўчасининг «ўлчамлари»га мос келмайди, деб ҳисоблайди. Шунингдек, маъмурият бу борада шаҳар аҳолиси билан маслаҳатлашишни ортиқча деб ҳисоблайди, сабаби — бу вақт талаб этади.