Президент 18 февраль куни имзолаган қонун [755-сон] билан «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги қонунга қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.

«Газета.uz»га Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати бошлиғи в.б. Ҳусан Тангриевнинг хабар беришича, қонуннинг қуйидаги моддаларига ўзгартишлар киритилган:

3-моддага кўра, эндиликда божхона органлари асосий вазифалари қаторида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда ўз ваколатлари доирасида иштирок этишади.

6-моддасида асосан Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раиси зарур ҳолларда божхона органларининг ташкилий-штат тузилмаларига белгиланган умумий штатлари сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартишлар киритишга ҳақли. Аввалги таҳрирда «меҳнатга хақ тўлаш фонди» сўзи мавжуд эмас эди.

7-моддасига мувофиқ, божхона органларининг ҳуқуқлари сирасига божхона аудитини амалга ошириш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга қонунчиликда белгиланган тартибда пулли хизматлар кўрсатиш мумкин.

11-модда билан божхона органлари ходимлари божхона назоратини амалга оширишда махсус восита сифатида хизмат итларидан фойдаланиши мумкин. Аввалги таҳрирда эса фақат «хоналарни очиб кириш ва транспорт воситаларини мажбурий тўхтатиш қурилмалари, қўлкишанлари, резина таёқлар, кўздан ёш оқизувчи моддалар, шунингдек бошқа махсус воситалар ва техникалар» назарда тутилганди.

13-модда 4-қисм қайта таҳрир қилинди. Унга кўра, эндиликда фақатгина президентнинг фармони, қарори ёки фармойиши, шунингдек розилиги ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори ёхуд Давлат божхона қўмитаси раисининг буйруғи асосида — бошқа давлат органларининг ва ташкилотларининг ходимлари божхонага ишга қабул қилиниши мумкин. Қолаверса, ДБҚ раисининг буйруғи асосида — ёши 30 дан ошган, тор ихтисосликдаги юқори малакали мутахассислар қабул қилинади.

Шунингдек, қонунда айнан кимлар ишга қабул қилинмаслиги ҳам аниқлаштирилди.

Қуйидагилар божхона органларига хизматга қабул қилиниши мумкин эмас:

  • муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган фукаролар;
  • хизматни ўташга монелик қиладиган касаллиги ёки жисмоний нуқсонлари бўлган фуқаролар;
  • бошқа давлат органларидан салбий сабабларга кўра бўшатилган фуқаролар;
  • содир этган жинояти учун илгари ҳукм қилинганлар, қўлланилган жазо туридан, судланганлик ҳолати тугатилганлигидан ёки олиб ташланганлигидан ва ўзига нисбатан амнистия акти ёки афв этиш қўлланилганлигидан қатъи назар ёхуд ярашув муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилинган фуқаролар.

Бундан ташқари, божхона органларига қабул қилинган ходимлар (Божхона институти битирувчиларидан ташқари) мажбурий тартибда бирламчи касбий қайта тайёргарликдан ўтади.

Қолаверса, божхоначилар энди ҳар 2 йилда эмас, балки Давлат божхона қўмитаси раисининг буйруғига мувофиқ малака оширишдан ўтади.

ДБҚ раисининг буйруғи билан Ўзбекистон ёки чет давлатнинг ОТМ ва ташкилотларига магистратура мутахассисликлари бўйича ўқишга юборилган божхона органи ходими ўқиш даврида, охирги эгаллаган лавозимидагидан кам бўлмаган миқдорлардаги пул таъминоти сақланган ҳолда божхона органларининг ихтиёрида қолдирилади.

Маълумот учун, 17 февраль куни Шавкат Мирзиёев божхона тизимини ислоҳ қилишга бағишланган йиғилиш ўтказди. Президент топшириғига кўра, йил якунига қадар божхона кўриги жараёнларини тўлиқ қамраб олган электрон тизим ишга туширилади. Битта постда 3 йил ишлаган божхоначилар эса ротация қилинади.

Йиғилишда ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш чора-тадбирлари ҳам белгилаб берилди. Жумладан, Олот, Гулистон, Термиз ва бошқа ҳудудлардаги олис постларда ишлайдиган ходимлар учун хизмат уйлари барпо этилади. Президент божхона ходимлари ва уларнинг фарзандлари учун олий ўқув юртларига киришда алоҳида квота ажратилишини маълум қилди. Қолаверса, ҳар йили уй-жойга эҳтиёжи бор 100 нафар ходимга имтиёзли ипотека кредити берилади.