Марказий банк матбуот хизмати раҳбари Акмал Назаров АОКАда бўлиб ўтган брифингда 2021 йилда истеъмолчилар ҳуқуқларига амал қилмаган тижорат банклари ва молия ташкилотлари ҳақида маълумот берди.

Марказий банк текширувлари натижасида йил давомида 16 та тижорат банки ва 8 та микрокредит ташкилотидан жами 1 млрд 177 млн сўм миқдорида жарималар ундирилган. Бунга уларнинг хизматларидан фойдаланган истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузгани сабаб бўлган.

«Банкларга нисбатан кўрилган чоралар таъсирчанлигини ошириш мақсадида ундирилган жарималарнинг 829 млн сўми ёки 70 фоизи қоидабузарликлар йўл қўйилишига сабабчи бўлган банкларнинг 466 нафар масъул ходими ҳисобидан қопланди», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, тижорат банклари томонидан қоидабузарликларга йўл қўйган 269 нафар ходимларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган. Хусусан, 152 нафар ходимга «хайфсан» берилган, 100 нафар ходимнинг иш ҳақидан жарима ундирилган ва 17 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Акмал Назаровнинг сўзларига кўра, 26 та тижорат банкининг жами 529 та муассасасида омонат хизматлари кўрсатилишининг сифати, ахборотларнинг тўлиқ ва тўғри берилиши ҳамда омонатни расмийлаштириш жараёнлари «сирли мижоз» тартибида ўрганилган.

Бундан ташқари, 92 та мурожаат бўйича банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тикланишига кўмаклашилган ва истеъмолчиларга жами 25,4 млрд сўмлик маблағларини қайтариб берилиши таъминланган.