Хитой пойтахтида бўлиб ўтган 2022 йилги қишки Олимпия ўйинлари ўз ниҳоясига етди. Бу ҳақда ТАСС нашри маълум қилди.

Ёпилиш маросими Пекиндаги Миллий стадионда бўлиб ўтди. Маросим 2 соат давом этди.

Фото: Россия Олимпия қўмитаси

Олимпиаданинг тантанали очилиш маросими 4 февраль куни бўлиб ўтган эди. Ўйинларда 109 та медаллар жамланмаси ўйналди. Дастурга Халқаро олимпия қўмитаси таснифи бўйича 15 та йўналишни бирлаштирган еттита спорт тури киритилган.

Фото: ТАСС

Олимпиада ёпилиш маросимида Хитой Коммунистик партияси раиси Си Цзиньпин ва Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах ташриф буюришди.

Пекин мэри Олимпия ҳаракати байроғини Милан шаҳри мэрига топширди. Айнан шу шаҳарда 2026 йилги Олимпиада ўйинлари бўлиб ўтади.

Фото: РИА Новости

Маросимда Томас Бах сўзга чиқиб, дунёнинг барча мамлакатлари ҳукуматларини COVID`га қарши вакцина олиш имкониятини таъминлашга чақирди. Халқаро олимпия қўмитаси президенти 24-Олимпиада ўйинлари якунланганини эълон қилди.

Фото: РИА Новости

Олимпиада медалларини жамғариш бўйича умумжамоа ҳисобида Норвегия терма жамоаси аъзолари 16 та олтин, 8 та кумуш ва 13 та бронза медаль (умумий 37 та медал) билан ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўринни Германия (умумий 27 та медаль) ва учинчи ўринни Хитой Халқ Республикаси терма жамоалари (15 та медаль) қайд этди.

Норвегия терма жамоаси битта мусобақада қўлга киритилган олтин медаллар сони бўйича қишки Олимпия ўйинлари рекордини ўрнатди.

Тоғ чанғиси мусобақаларида Ўзбекистондан Комилжон Тўхтаев қатнашди ва 42-натижани қайд этди. Бироқ, дастурдаги техник хато туфайли унинг натижаси ҳакамлар томонидан ҳисобга олинмади. Шу билан унинг Олимпиададаги иштироки якунланди.

Хитой пойтахтида бўлиб ўтган 2022 йилги қишки Олимпия ўйинлари дипломатик бойкотлар остида ўтди. АҚШ, Буюк Британия, Канада, Дания, Бельгия ва бошқа давлатлар ушбу тадбирларга ҳукумат амалдорлари ва расмийларини юборишдан бош тортди. Франция президенти Эммануэль Макрон эса ўйинларни сиёсийлаштирмаслик кераклигини таъкидлади.