14 февраль куни автомобилсозлик саноати масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари томонидан соҳани ислоҳ қилиш борасида бир қатор қарорлар эълон қилинди. Баъзи қарорлар миллий завод фаолиятига оид айрим ўзгартиришларни ҳам назарда тутади (хусусан, олдиндан тўлов миқдорининг 50% гача пасайтирилиши).

Лекин мен бу ўзгаришларга тўхталмоқчи эмасман. Сабаби завод фаолиятига алоқадор қарорлар истеъмолчиларга деярли ҳеч қандай наф келтирмайди. Эҳтимол бу қарорлар қисқа муддатда бироз натижа берар, лекин узоқ муддатда ички бозордаги вазият яна аввалги ҳолатига қайтиши мумкин. Мен эътиборни кенг муҳокамаларга сабаб бўлган бошқа бир қарорга қаратмоқчиман.

Автомобиль импорти учун бож ставкаси пасайиши истеъмолчиларга таъсир қиладими?

Йиғилишда президент топшириғи билан Вазирлар маҳкамасига автомобиль импорти учун бож ставкаларини икки баробарга камайтириш тўғрисидаги қарор лойиҳасини тақдим этиш вазифаси юклатилди.

Автомобиль импорти божларининг икки баробарга камайтирилиши борасидаги хабар кўпчиликни қувонтириб юборгани табиий. Лекин бу ҳақиқатдан ҳам қувонарли даражада катта ўзгаришми?

Бу саволга жавоб топишда импорт автомобиллар учун мавжуд тўсиқларнинг хусусиятлари ва шаклларига эътибор қаратиш зарур. Биринчи навбатда, айтиб ўтиш керакки, автомобиль импортига тўсиқлар фақат божлардан эмас, балки бир неча турдаги тўсиқлар комбинациясидан ташкил топган. Жумладан:

  • Импорт божи — импорт автомобиллари қийматининг 30% миқдорида;
  • Двигатель ҳажми учун олинадиган йиғим — автомобилларнинг двигатель ҳажмига кўра ҳисобланади. Хусусан, двигатель ҳажми 1000 см³ гача бўлган автомобиллар учун — ҳар см³ 1,8 доллардан, двигатель ҳажми 1001−1500 см³ оралиғида бўлган автомобиллар учун — ҳар см³ учун 2,0 доллардан, 1501−3000 см³ гача бўлган ҳажмдаги двигателга эга автомобиллар учун — ҳар см³ учун 2,5 долларни ташкил этади.
  • ҚҚС — 15%;
  • Утилизация йиғими — автомобилларнинг двигатель ҳажмига кўра базавий ҳисоблаш миқдори асосида белгиланади (масалан, двигатель ҳажми 2500 см³ гача бўлган автомобиллар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 120 баробари миқдорида ва ҳ.к.).

Кўриб турганингиздек, автомобиль импорти учун бож тўловидан ташқари бир нечта тўловлар мавжуд. Бож ставкаларининг икки баробар пасайтирилиши эса амалда умумий тўсиқлар ҳисобига шаклланадиган қийматга сезиларли таъсир кўрсатмаслиги мумкин. Келинг, баъзи ҳисоб-китобларни амалга ошириб кўрамиз.

Чегарадан олиб кирилаётган автомобилнинг ўртача нархи 8000 доллар деб қаралса (двигатель ҳажми 2000 см3), у ҳолда бу автомобиль импорти учун тўловлар умумий суммаси ҳозирги шароитда қуйидагича бўлади (30% лик бож ставкаси шароитида):

  • Импорт божи — 2400 доллар;
  • Двигатель ҳажми учун олинадиган йиғим — 5000 доллар;
  • ҚҚС — 2310 доллар;
  • Утилизация йиғими — қарийб 3000 доллар;
  • Жами — 12700 доллар.

Гувоҳи бўлганимиздек, 8000 долларлик автомобилни чегарадан олиб кириш учун умумий тўловлар жами 12700 долларни ташкил этмоқда. Бошқача айтганда, импорт учун тўловлар автомобилнинг нархидан ҳам қимматроқ. Чет элдан кириб келган автомобилнинг ички бозордаги нархи эса қарийб 21 000 долларга етади. Албатта бу ҳам якуний ҳисоб-китоб эмас, яъни нотариф тўсиқлар ҳам автомобиль нархига қўшимча нарх юклайди (бу эса бошқа кун учун мавзу).

Хўш, божларнинг 15% га пасайтирилиши амалда қандай ўзгаришга сабаб бўлади? Божлар 30% эмас, 15% ни ташкил этган шароитда ҳисоб-китоб қуйидагича ўзгаради:

  • Импорт божи — 1200 доллар;
  • Двигатель ҳажмидан олинадиган йиғим — 5000 доллар;
  • ҚҚС — 2130 доллар;
  • Утилизация йиғими — 3000 доллар;
  • Жами — 11330.

Бож ставкаларининг икки баробарга пасайиши амалда импорт автомобиллари учун тўловни 11330 долларгача тушишига олиб келади. Бу вазиятда автомобилнинг ички бозордаги нархи 19330 доллар атрофида шаклланади (нотариф тўсиқлар ҳисобга олинса, бундан ҳам юқорироқ).

Нима сабабдан ҳисоб-китоблар учун айнан 8000 долларлик автомобиль танланди? Биринчидан, бу нархдаги автомобиллар жаҳон бозорида нисбатан арзон автомобиллар сирасига киради. Рақобатбардошлик нуқтаи назаридан эса маҳаллий бозорда миллий автомобиль заводимиз ишлаб чиқарадиган энг оммабоп моделлар билан рақобатлашадиган асосий автомобиллар сирасига киради. Ҳисоб-китоб учун айнан шундай тоифадаги автомобилларни танлаб олиш бож ставкасининг кутилаётган ўзгариши нисбатан арзон моделлар истеъмолчиларига қандай таъсир қилишини яхшироқ тушуниш имконини беради.

Юқоридаги ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, импорт божи ставкасининг пасайтирилиши ички бозордаги вазиятга деярли таъсир ўтказмайди. Импорт автомобилларининг нархи эса бор-йўғи 7% атрофида арзонлашиши мумкин.

Албатта бу қарордан наф кўрувчи тор доирадаги гуруҳ мавжуд — бу нисбатан бой аҳоли қатлами ҳисобланади. Яъни бу қатлам маҳаллий ишлаб чиқарувчи таклиф қилаётган автомобилларни эмас, чет элдан олиб келинадиган, нисбатан қиммат моделларни истеъмол қилади. Аҳолининг бу қатлами божларнинг пасайишидан, шак-шубҳасиз, ютади, чунки улар божлар пасаймаган шароитда ҳам импорт автомобилларини истеъмол қилган бўлар эди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчига кучли боғланган, нисбатан арзон моделларни сотиб олишга тайёр аҳоли учун эса бу ўзгариш умуман сезилмайди.

Бир сўз билан айтганда, божларнинг пасайтирилиши — энг бой аҳоли гуруҳининг манфаатлари учун хизмат қилади, холос.

Автомобилсозлик саноатидаги муаммолар илдизи қаерда?

Бу ҳолатда кўпчиликни бир савол қизиқтириши табиий: нима учун мамлакатимиз автомобилсозлик саноати бундай оғир авҳолга тушиб қолди?

Ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб кўплаб ривожланаётган мамлакатлар (асосан Лотин Америкаси) саноатларини ривожлантиришга қаттиқ бел боғлашди ва, ўз-ўзидан, маҳаллийлаштириш сиёсати — импортнинг ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқариш оммалаша бошлади. Ривожланаётган давлатлар маҳаллий саноатни ҳимоя қилиш орқали ривожланган давлатлар даражасига етиб олишни мақсад қилишган эди. Маҳаллий саноатни ҳимоя қилишда улар арзон ишчи кучини кучли аргумент сифатида кўришди. Яъни ишчи кучининг арзонлиги ишлаб чиқаришда бу давлатларга ривожланган давлатлар билан қиёсланганда нисбий устунлик бериши керак эди.

Мустақилликка эришилганидан кейин Ўзбекистонда ҳам саноатни ташқи рақобатдан ҳимоя қилиш орқали миллий иқтисодиётнинг турли тармоқларини ривожлантиришга қаттиқ бел боғланди. Шундай соҳалардан бири автомобиль ишлаб чиқариш эди. 1993 йилда асос солинган ва расман 1996 йилдан фаолиятини бошлаган миллий автомобиль заводимиз, мана, орадан тахминан 25 йилдан зиёд вақт ўтишига қарамай, ҳалигача ташқи рақобатдан ҳимоя қилинади. Хўш, нима учун бу соҳа бизда кутилган даражада ривожланмади?

Табиий сабабни келтирамиз. Автомобиль ишлаб чиқариш жараёнига меҳнатга нисбатан кўпроқ капитал ҳамда нисбатан юқорироқ малакали ишчи кучини жалб этиш талаб қилинади. Хўш, Ўзбекистон 90 йилларнинг бошида юқоридаги иккита талабдан қайси бирига жавоб берар эди? Афсуски, ҳеч бирига.

Биринчидан, мустақилликка эришган вақтда аҳолининг капитал билан тўйиниш даражаси жуда паст бўлган. Энг қизиғи, мустақилликдан кейинги беш йилда аҳоли даромадлари камаювчи тенденцияни қайд этиб, 1995 йилда аҳоли даромадлари 1991 йилдаги даражадан ҳам пастроқ бўлган. Табиийки, бу мамлакатнинг капитал билан таъминланганлик даражасининг ҳам пасайишига олиб келган.

Шундай экан, Ўзбекистоннинг 90 йиллардаги капитал билан таъминланганлик даражаси капитал интенсив соҳани ривожлантиришга мутлақо имкон бермас эди. Аммо мавжуд капиталнинг (чет элдан кириб келганларининг ҳам) катта қисми капитал интенсив соҳаларга сарфланган (гарчи сарфланган капитал ўша соҳаларни тўлиқ таъминлаш учун етмаган бўлсада) ва потенциал ривожланиш имкониятига эга бўлган кўпроқ меҳнат ва паст малака талаб қилувчи соҳалар ҳам ривожланмасдан қолиб кетган (ёки етарлича ривожланолмаган).

Юқорида кўриб чиққанимиз табиий сабаб билан бир қаторда орттирилган сабаб ҳам мавжуд. Бу — ишлаб чиқарувчи заводнинг ҳукуматга таъсири кучли эканлиги. Йиллар давомида автомобилсозлик соҳасига жуда катта ресурслар сарф қилинди. Бу эса, йиллар давомида заводнинг ҳукуматга таъсири ошиб боришига олиб келди. Масалан, ҳукумат учун заводни 15 йил олдин бутунлай ёпиб юбориш ҳозиргига нисбатан анча арзон тушар эди. Заводнинг ҳукуматга таъсири ҳам 15 йил олдин ҳозиргига нисбатан анча кучсизроқ бўлган.

Содда тушунтирилганда, завод ёпилишидан иқтисодиёт кўрадиган қисқа муддатли зарар йиллар давомида ошиб боради, бу эса ишлаб чиқарувчининг ҳукуматга таъсири ошиб боришига сабаб бўлади. Биргина йўқотилиши мумкин бўлган иш ўринларининг ўзи заводнинг доимий равишда ҳукуматга таъсир ўтказиб туришига имкон берувчи энг қулай ричаглардан биридир.

Йиллар давомида юқоридаги иккита сабаб қарама-қарши натижаларга қараб интилади. Капиталлашув даражаси ресурслар самарасиз ишлатилган ҳолатда ҳам ошиб боради. Яъни ҳатто ресурсларни самарасиз сарф қилган тақдиримизда ҳам, қачондир иқтисодиётимиз автомобилсозликни ривожлантириш учун керак бўлган капиталлашув даражасига эга бўлиши мумкин (табиийки, ресурсларни самарали сарф қилган ҳолатда бу жараён тезроқ кечади). Демак, қачондир Ўзбекистонда автомобилсозликни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган табиий сабаб йўқолади. Аммо орттирилган сабаб йиллар давомида ҳукуматга ўз таъсир кучини ошириб боради. Ҳамда завод ихтиёрида мавжуд бўлган имтиёзларни сақлаб қолиш билан бирга, янги имтиёзларга ҳам эгалик қилишга ҳаракат қилади.

Кўриб турганимиздек, автомобилсозлик соҳасидаги ҳозирги оғир аҳвол мустақилликнинг дастлабки йилларида қилинган хатоларнинг меваси холос. Ўша вақтда ҳам, ҳозир ҳам ечим — савдони эркинлаштиришда. Шакар заводлари хусусида ёзилган мақоламдаги ҳисоб-китобларни автомобилсозлик учун ҳам бажаришимиз мумкин. Хулоса эса худди шакар заводлари билан боғлиқ вазиятдагидек — автомобилсозлик ҳам ҳар йили иқтисодиётга жуда катта миқдорда зарар келтириб ишлаётган бўлиб чиқади. Афсуски, бу ҳолатда мунтазам истеъмолчилар зиммасига юклаб келинаётган, киши бошига ҳисобланганда ҳажман кичик бўлиб туюладиган зарар кўзга кўринмайди, лекин автомобиль заводининг ёпилиб кетишидан йўқотилиши мумкин бўлган иш ўринлари ҳаммани ташвишга солади. Истеъмолчилар эса йилдан-йилга камбағаллашиб бораверади.

Ўзбекистоннинг капиталлашув даражасида автомобилсозлик каби соҳалар жудаям қимматга тушади. Яъни истеъмолчилар ҳозирги истеъмолини камайтириш эвазига келажакдаги истеъмолнинг ошишидан умид қилишади, лекин ўша кутилган келажак қачон келишини ҳеч ким билмайди.

Ўзбекистон мисолида орадан 25 йил ўтганига қарамасдан бу соҳа ҳалигача ташқи рақобатдан қаттиқ ҳимоя қилинишга муҳтож. Қилиниши кутилаётган ўзгаришлар амалда ички бозордаги вазиятга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Бошқача айтганда, истеъмолчилар автомобилсозликни субсидиялашда давом этади. Бу жараён қачон тугашини ҳеч ким билмайди (балки абадий давом этар). Истеъмолчилар эса бунча кўп яшамаслиги ҳам мумкин.

Автомобилсозлик ишга тушганда меҳнат бозорига кириб келган истеъмолчилар ҳадемай меҳнат бозорини тарк этишади. Бошқача айтганда, биргина мана шу заводнинг ваъда қилинган келажагини кутиб деярли бир авлоднинг умри ўтди. Назаримда, бундай тенденциянинг давом этишига бошқа йўл қўйиб бўлмайди. Савдони қанчалик тез эркинлаштирсак, бу қарор жамият учун шунчалик эрта фойда келтиради. Балки хатоларни чинакамига тан олиш вақти етгандир. Ахир одамларни камбағллаштирадиган қарорларнинг умри — бир нечта авлоднинг камбағаллашишига хизмат қилиб келмоқда.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Миркомил Холбоев - иқтисодчи, Жанубий Кореядаги Жеонбук миллий университети Халқаро савдо йўналиши магистранти.