Вазирлар Маҳкамасининг 16 февралдаги «Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармасини (Жамғарма) ташкил этиш тўғрисида»ги [72-сон] қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан «Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кузатув кенгашининг (Кузатув кенгаши) таркиби» ва «Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида»ги низом (Низом) тасдиқланди.

Унда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида иқтисодиёт ва инвестиция комплексларига кирувчи вазирликлар, идоралар, тижорат банкларининг ҳар бир туман ва шаҳарга бириктирилган маъсул ходимлари — республика вакили бўлиши қайд этилган.

Низомда республика вакили ва ҳоким ёрдамчиларига ипотека кредити бўйича субсидия ажратиш тартиби белгиланган.

Унга кўра, йил якуни бўйича ўзига бириктирилган ҳудудда юқори натижаларга эришган республика вакилларига ва ҳоким ёрдамчиларига ипотека кредити асосида уй-жой харид қилиш учун уй-жой қийматининг 50 фоизгача (бироқ 150 миллион сўмдан ошмаган миқдорда) субсидия тўлаб берилади.

Жамғарма маблағлари ҳисобидан эса ҳоким ёрдамчилари иш ҳақининг аввалги иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи миқдоридан кам бўлган қисмини компенсация қилиш ҳаражатлари ҳар ой якуни билан амалга оширилади. Компенсация механизми Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади.

Шунингдек, бошқа ҳудудлардан келиб ишлаётган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) икки баравари миқдорида турар жой ижараси ҳаражатлари учун компенсация тўланади.

Низомда қайд этилишича, нафақат ҳоким ёрдамчилари, балки республика вакиллари ҳам самарали фаолияти учун рағбатлантириб борилади.

«Онлайн маҳалла» электрон платформасига қараб ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти қониқарли деб топилганда — ойлик иш ҳақининг 15 фоизи, яхши деб топилганда — ойлик иш ҳақининг 30 фоизи, аъло деб топилганда — ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорларида уларга ойлик мукофот пули тўланади.

Иш фаолиятида яхши натижага эришган Республика вакилларига меҳнатга хақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 бараваригача (822 000 сўм — таҳр.) миқдорда ойлик мукофот пули тўлаб берилади.

Шунингдек, республика вакилларининг ўз шахсий автомобилидан фойдаланаётгани учун ҳар чоракда бир марта ҳар ой учун бензинда ҳаракатланадиган автомобилларга — 2 млн 150 минг сўмгача, табийий газда машиналарга — 1 млн 350 минг сўмгача компенсация тўловлари амалга оширилиши белгиланган.

Бунда республика вакиллари томонидан ҳисобот чораги давомида 3500 км масофа тўлиқ босиб ўтилганда, компенсация тўловлари юқорида кўрсатилган миқдорларда тўлиқ берилади. Агарда ҳисобот даврида машинада йўл босиш миқдори 3500 кмдан кам бўлса, компенсация миқдори босилган масофага мутоносиб миқдорда тўланади. Буларни амалга ошириш механизми эса Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади.

Бундан ташқари, Низомда республика вакилларининг бир ойда бир марта доимий яшаш жойига (агар уларнинг доимий яшаш жойи бошқа ҳудудда жойлашган бўлса) темир йўл транспортида бориб келиши учун компенсация чипта тақдим қилинган тақдирда — ҳаражатларнинг «эконом» тарифи бўйича 100 фоизи, «бизнес» тарифи бўйича 70 фоизи (самолётда учиш бундан мустасно) тўлаб берилади.

Шунингдек, «Янги Ўзбекистон ислоҳатчиси» кўкрак нишони билан тақдирланган ходимларга БҲМнинг 5 баравари (1 млн 350 минг сўм) миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» ҳоким ёрдамчиларининг ойлик маоши улар бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда белгиланиши ҳақида ёзганди:

  • хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6 баравари — 4 млн 932 минг сўм;
  • хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада — МҲТЭКМнинг 6,5 баравари — 5 млн 343 минг сўм;
  • хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада — МҲТЭКМнинг 7 баравари — 5 млн 754 минг сўм.

10 январдан бошлаб Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 9311 нафар ҳоким ёрдамчилари ўз фаолиятини бошлагани ҳақида ёзган эдик.