Туризм ва спорт вазирлиги иккига бўлиниб, Туризм ва маданий мерос ҳамда Спортни ривожлантириш вазирликлари ташкил этилди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Хабарда айтилишича, 18 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири лавозимига Азиз Абдуҳакимов номзодини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.

Шундан сўнг депутатлар томонидан спортни ривожлантириш вазири лавозимига Адҳам Икрамов номзоди кўриб чиқилди ва маъқулланган. Адҳам Икрамов бунга қадар Савдо-саноат палатаси раиси эди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг апрель ойида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси негизида Туризм ва спорт вазирлиги ташкил қилинган эди.