Замонавий инсон ҳаётини электр энергияси, газ ва сувсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу сабабли, коммунал тўловларни тўлаш анча олдин ойлик заруратга айланган.

Барча коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар шаҳарнинг ҳар ҳил манзилларида жойлашган ва уларни айланиб чиқиш учун қўшимча вақт ва пул сарфлаш керак.

Бугунги кунда тўлов иловалари коммунал тўловларни тўлашни сезиларли даражада тезлаштириш ва осонлаштиришга ёрдам беради. Энди сиз шаҳар бўйлаб машинада юришингиз ва навбатда туришингиз шарт эмас. Хизматлар учун тўловни уйдан қулай вақтда тўғридан-тўғри смартфонингиздан амалга оширишингиз мумкин. Инспекторлар текшириб келганда эса иловалардан юклаб олган ва чоп этилган квитанцияларни уларга кўрсатишингиз мумкин бўлади.

Учта энг оммабоп мобил иловалар — Click, Payme ва Apelsin мисолида биз сизга смартфонингиздан коммунал тўловларни қандай тўлаш, ҳисоб-китобларни кузатиш ва ҳисоблагич кўрсаткичларини хизмат кўрсатувчи ташкилотларга юбориш мумкинлигини кўрсатамиз.

Ушбу қўлланмада сиз қуйидагиларни билиб оласиз:

Click, PayMe ва Apelsin тўлов тизимларининг барчасида «Менинг уйим» бўлими мавжуд. Ушбу бўлимда сиз коммунал хизматлар учун тўловларни амалга оширишингиз, тўловлар тарихини кўришингиз ва квитанцияларни юклаб олишингиз мумкин.

Click иловасида коммунал тўловларни амалга ошириш

Агар сиз Click тўлов тизими фойдаланувчиси бўлсангиз, у ҳолда асосий менюдаги учта нукта билан кўрсатилган «Яна» тугмасини босишингиз керак. У ерда «Хизматлар» бўлимида «Менинг уйим» тугмасини кўрасиз.


Ушбу бўлимга кириб, у ерга ўз уйингизни киритишингиз керак. «Менинг уйим» бўлимида сиз яратган уй белгиси пайдо бўлади.


Шундан сўнг дастлабки тўловни амалга оширишингиз мумкин. Бунинг учун экран пастида жойлашган «+Янги тўлов» тугмасини босасиз ва у ерда тўлов турлари акс этган тугмалар жойлашган бўлади.


Уларнинг орасидан ўзингизга керак бўлган хизматлардан бирини танлашингиз мумкин. Бизнинг вазиятда эса «Коммунал тўловлар» тугмасини босамиз.


«Электроэнергия» тугмасида сиз электр таъминоти учун тўловларни амалга оширишингиз мумкин. Бунинг учун хизматга кириб, ўз яшаш ҳудудингизни танлашингиз керак.


Бунда ҳар битта ҳудуднинг ўз туман манзиллари алоҳида шифр билан берилган. Туманни танлагандан сўнг «Абонент ҳисоб-рақами» катакчасида ўз ҳисоб рақамингизни ёзадиган пайтда туман шифри автоматик тарзда ўзи ёзилади ва сиз фақатгина ўз ҳисоб-рақамингизни кўрсатасиз.

Бундан сўнг, «Давом этиш» тугмасини босасиз. Агар ўз маълумотларингизни тўғри киритган бўлсангиз, кейинги саҳифада автоматик тарзда исм фамилиянгиз, уй манзилингиз ва олдиндан амалга оширган тўловингиз ва охирги тўлов суммаси, бундан ташқари тариф нархи акс этади.


Ушбу маълумотларнинг қуйи қисмида «Тўлов суммасини киритинг» бўш катакчаси жойлашган бўлиб, бу ерга ўзингиз амалга оширмоқчи бўлган суммани киритасиз ва «Сақлаш» тугмасини босасиз. Ушбу сақланган маълумот ёнида тўртбурчакли бўш катакча пайдо бўлади, шу катакчанинг устига босиб, кейин экраннинг қуйи қисмида жойлашган «Тўлов» тугмасини босасиз.


Сўнг, банк пластик картангиз акс этган кейинги саҳифага ўтасиз. У ерда «Тўлаш» тугмасини босиб, тўловни амалга оширасиз. Истагингизга кўра, «Тўлов маълумотлари» бўлимига кириб, тўлов бўйича квитанцияни ўз телефонингизга юклаб олишингиз мумкин.


Бошқа коммунал тўловлар

Бошқа коммунал тўловни амалга ошириш учун иловага киритган уйга кирасиз. У ерда сиз аввал амалга оширган электр таъминоти учун тўлов акс этган бўлади. Унинг таг қисмида «+» белгиси жойлашган. Шу белгини босиб ўзингизга керак бўлган хизматлардан бирини танлашингиз керак. Бу сафар «Коммунал тўловлар» бўлимига кириб «Ичимлик суви» хизматини танлаймиз.


Ичимлик суви учун тўловни амалга оширишда сиздан ҳудудни танлаш талаб қилинмайди, фақатгина «Абонент ҳисоб-рақами»ни киритишингиз кифоя.

Ўз ҳисоб-рақамингизни киритганингиздан сўнг «Давом этиш» тугмасини босасиз ва филиал номи, абонент исм-фамилияси ва сальдо акс этган саҳифа пайдо бўлади. Буларнинг қуйи қисмида тўлов суммасини киритиш катакчаси кўринади. Шу ерга ҳам ўзингиз истаган тўлов суммасини киритиб, «Сақлаш» тугмасини босасиз.


Шундан сўнг, «Сув таъминоти» акс этган саҳифага ўтилади ва шу хизматнинг ёнида бўш тўртбурчак катакчани белгилаб, тўловни амалга оширишингиз керак. Бу ерда ҳам ўз банк пластик картангизни кўрасиз. «Тўлаш» тугмасини босиб тўловни амалга ошириб бўлгач, «Тўлов маълумотлари» бўлимидан квитанцияни юклаб олишингиз мумкин. Иссиқ сув ва иситиш хизматларига ҳам шу тартибда тўловларни амалга оширишингиз мумкин.

Агар коммунал хизмат учун тўловларни қайта амалга оширмоқчи бўлсангиз, у ҳолда «Менинг уйим» бўлимидаги уйингизга кириб, керакли хизматдан бирини танлайсиз.


Масалан, электр энергиясини танлаймиз. Бу саҳифага кирганингизда энг сўнгги маротаба амалга оширган тўловингизни кўришингиз мумкин. «Тўлаш» тугмасига кириб эса, янги тўловни амалга ошира оласиз.


Квитанцияларни юклаб олиш

Бунинг учун сиз иловадаги «Менинг уйим» бўлимидаги ўз уйингизга кирасиз. У ерда ўзингизга керак бўлган хизматлардан бирини танлаб, унга ўтасиз.


Экранга ушбу хизмат билан боғлиқ охирги тўлов маълумоти чиқиб келади. Уларнинг орасида «Тўловлар тарихи» бўлимига кирасиз. Масалан, «Электроэнергия» хизматида охирги тўловингизга ўтишингиз мумкин.


Унга кирганингизда «Муваффақиятли» амалга оширган тўловингиз тагида «Квитанцияни юклаб олиш» тугмаси жойлашган. Уни босиш орқали илова сиздан ўзингизга мақул бўлган форматлардан бирида квитанцияни юклаб олишни тавсия этади ва сиз квитанцияни юклаб олишингиз мумкин.


Payme тўлов тизимида коммунал тўловларни амалга ошириш

Payme тўлов тизими фойдаланувчилари илованинг асосий менюсининг қуйироқ қисмига тушиб, «Менинг уйим» бўлимидаги «Уйни қўшиш» тугмасини босишлари керак. Ушбу жойга уй номини ёзиб, «Кейингиси» тугмаси босилади.


Кейинги босқичда «Тўловларни қўшиш +» тугмасини босиб, пайдо бўлган хизматлар ичидан ўзингизга керакли хизматлардан бирини танлайсиз. Бизнинг ҳолатда бу «Коммунал хизматлари» бўлими.


Электр таъминотига тўловни амалга ошириш учун «Электричество» бўлимига кирилади ва «Тўлов тури» танланади. Бунинг ичида «Электр энергиясини тўлаш» ва «Жарима тўлаш (Пеня)» турлари мавжуд. Шулардан «Электр энергиясини тўлаш» турини танлаб, ҳудудни киритамиз.

Шундан сўнг, «Ҳисоб рақами» катакчасига ўз ҳисоб рақамингизни киритасиз. Кейин эса, «Қўшиш» тугмасини босасиз. Сиз қўшган тўлов ўзингиз иловада яратган уй тагида «Тўловни қўшиш» бўлимидан пастки қаторда жойлашган бўлади. Сиз ушбу хизматни «Тайёр» тугмасини босиш орқали уйингизга қўшиб қуйишингиз мумкин.


Энди тўловни амалга ошириш учун «Менинг уйим» хизматларида пайдо бўлган «Электричество» бўлимига кирасиз.


У ерда ҳисоб рақамингиз ва ҳисобингиздаги жорий ҳолатда мавжуд суммангиз акс этган маълумотлар тагида «Квитанциялар» ва «Тўловга ўтиш» тугмачалари акс этган бўлади. Тўловни амалга ошириш учун «Тўловга ўтиш» тугмасини босасиз ва ўзингиз истаган суммани киритиб, «Кейингиси» тугмасини босасиз ва тўловни амалга оширасиз.


Бундан сўнг истагингизга кўра, тўлов квитанциясини юклаб олишингиз мумкин.


Табиий газ учун тўлов

Табиий газ учун тўловни амалга ошириш учун «Менинг уйим» бўлимидаги ўзингиз киритган уйга кирасиз. У ерда «Тўловни қўшиш +» бўлимига кириб, «Коммунал хизматлари» бўлимида «Газ» тугмачасини босасиз. Шундан сўнг, экранда пайдо бўлган катакчаларни тўлдириш керак. Бунинг учун «Тўлов тури» бўлимига кириб, «Табиий газ учун тўлов» тугмасини танлайсиз.


Сўнг эса, ўзингиз яшайдиган ҳудуд ва туман/шаҳарларни танлайсиз ва ҳисоб рақамингизни киритасиз. Маълумотлар тўғри киритилгач, «Қўшиш» тугмасини босасиз. Ушбу киритилган маълумот ҳам «Менинг уйим»даги «Хизматлар» бўлимида акс этади.


Шундан сўнг, тўловни амалга ошириш учун «Газ» деб ёзилган ва ўнг томонида ҳисоб рақамингиз кўрсатилган катакча ичига кирасиз ва тўламоқчи бўлган суммангизни ёзасиз. Бунда ҳам абонентнинг исм фамилияси, манзили, баланси тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда экранга чиқади.


Маълумотлар тўғри киритилган бўлса «Тўлаш» тугмасини босиб, тўловни амалга оширасиз. Сўнг, квитанциялар бўлимига кириб, экраннинг пастги томонида жойлашган «Принтер» расми устига босиб квитанцияни юклаб олишингиз мумкин.


Ичимлик суви учун тўлов

Олдинги икки коммунал тўловлари сингари сув учун тўловни амалга ошириш учун «Менинг уйим»га кириб, «Тўловни қўшиш» тугмаси босилади ва керакли коммунал тўлов хизматларидан бири танланади.


Сув учун тўлов бўлимида сиздан ҳудудни танлаш сўралмайди, лекин «Тўлов тури»дан бирини танлаш сўралади. Ушбу бўлимда «Совуқ сув учун тўлов» ва «Пеня» тўлов турлари мавжуд. Шулардан бирини танлагандан сўнг ҳисоб-рақамингизни киритишингиз ва «Қўшиш» тугмасини босишингиз керак.


Сўнг, «Менинг уйим»да пайдо бўлган «Ичимлик суви» ҳисоб рақами акс этгади. Сўнг «Тайёр» тугмасини босасиз. Ичимлик сувига тўловни амалга ошириш учун «Менинг уйим»да акс этган «Ичимлик суви» катакчасига кириб, тўлов суммасини киритасиз ва тўловни амалга оширасиз.


Абонент тўғрисидаги маълумотлар тўғри бўлса тўловни амалга оширишингиз мумкин.


Тўловни амалга оширгандан сўнг квитанцияни «Принтер» расмига кириб юклаб олишингиз мумкин.


Бошқа тўловлар ҳам худди шу каби усулда қилиниши мумкин. Бундан ташқари, иловада коммунал хизматлар учун тўловларингиз тарихи сақлаб қолинади.

Коммунал хизматлар учун янгидан тўловларни амалга ошириш учун «Менинг уйим» бўлимига кирилади ва керакли хизматлардан бири танланади. Экранда пайдо бўлган хизмат турида ҳисоб рақамингиз тўғри кўрсатилганига амин бўлгач, тўлов суммасини киритиб, тўловни амалга оширишингиз мумкин.


Apelsin иловасида коммунал тўловларни амалга ошириш

Apelsin иловасидан фойдаланувчилар коммунал хизматларга тўловларни амалга ошириш учун илованинг «Сервислар» бўлимида жойлашган «Менинг уйим» бўлимига «уй»ни киритишлари керак.


Бунинг учун «+ Уйингизни қўшинг» тугмаси босилади. Бундан сўнг, тўртта бўш катакчалар пайдо бўлади. Уларга ўз ихтиёрингизга қараб маълумотларни киритишингиз мумкин.


Маълумотларни киритгандан сўнг «Кейингиси» тугмаси босилади ва «Менинг уйим» бўлимида сиз киритган уй акс этади. Унга кирганингизда «+ Коммунал хизмат турини қўшиш» катакчаси пайдо бўлади.


Ушбу бўлимда коммунал хизматлар ва бошқа хизматлар рўйхати бўлади. «Коммунал хизматлар» бўлимида «Газ», «Электроэнергия», «Совуқ сув ва канализация» каби хизматлар жой олган.


Табиий газ учун тўлов

Бунинг учун «Коммунал хизматлар» бўлимидан «Газ» хизматини танлайсиз ва ҳудудингиз номини, ҳисоб рақамингизни ва туман/шаҳар филиал номини киритасиз. Маълумотлар тўғри ёзилган бўлса, экранда «Муваффақиятли» ёзуви пайдо бўлади.


Шундан сўнг, киритган ўйингиз ичида ҳисоб рақамингиз кўрсатилган газ учун тўлов катакчаси пайдо бўлади. Унга кирганингизда исм фамилиянгиз, манзилингиз, тўланган муддат, ҳисоблагич кўрсаткичи ва жорий пул маблағингиз акс этган бўлиши керак. Маълумотлар тўғрилигига амин бўлгач, «Тўлаш» тугмасини босиб, экранда пайдо бўлган бўш катакчага тўлов миқдорини киритасиз ва «Кейингиси» тугмасини босасиз.


Бу ерда сиз «Дўстим тўлайди» ёки «Тўлаш» тугмаларидан бирини танлашингиз мумкин. Шундан сўнг, «Apelsin» иловаси сиздан тасдиқлаш кодини киритишни сўрайди.


Тўлов амалга ошгач, тўлов чекини PDF форматида юклаб олишингиз мумкин бўлади.


Электр энергияси учун тўловлар

Бунинг учун «Менинг уйим»га киритилган уйингизга кириб, янгидан «+ Коммунал хизмат турини қўшиш» тугмаси босилади ва хизмат турларидан «Электроэнергия» хизмати танланади.


Бундан сўнг, худди газ учун тўлов амалга оширилгани каби ҳудуд, шахсий ҳисоб рақам ва туман/шаҳар кўрсатилади.


Барча маълумотлар тўғри киритилгач, «Қўшиш» тугмаси босилади. Маълумотлар тўғри киритилса, «Менинг уйим»да электр энергияси учун тўловни амалга ошириш учун катакча пайдо бўлади. У ерда ҳам сиз ўзингизга тегишли бўлган маълумотларни кўришингиз мумкин. Масалан, исм фамилиянгиз, манзилингиз, энг сўнгги амалга оширган тўловингиз ва жорий балансингиз. Маълумотлар тўғри бўлса, «Тўлаш» тугмасини босиб, керакли суммани киритасиз. Истагингизга кўра, тўлов чекини юклаб олишингиз мумкин бўлади.


Ичимлик суви учун тўлов

Ичимлик суви учун тўловни амалга ошириш учун «Менинг уйим»га кирилади ва «Коммунал хизматлар» бўлими ичидан «Совуқ сув ва канализация» хизмати танланади. Бунда сиздан фақат ҳисоб рақамингизни киритиш сўралади.


Ҳисоб рақами муваффақиятли киритилгач, иловага киритилган уйда сув учун тўловни амалга ошириш имконини берувчи катакча пайдо бўлади.


Унга кирганингизда ўзингизга тегишли маълумотлар пайдо бўлиши керак.


Бунда сиз исм-фамилиянгиздан ташқари, асосий балансингизни ҳам кўра оласиз.


«Тўлаш» тугмасини босиб, керакли тўловни амалга оширишингиз ва чекни юклаб олишингиз мумкин.


Ушбу иловада сиз коммунал хизматлар учун амалга оширган тўловларингиз тарихини кўра оласиз. Бунинг учун иловага киритган уйингизга кириб, керакли коммунал хизмат турини танлайсиз. У ерда сиз «Тўлаш» тугмасининг ёнидаги соат белгисини кўрасиз.


Унга кирганингизда олдин амалга оширилган тўловни кўрасиз. Янги тўловни амалга оширмоқчи бўлсангиз, «Тўлаш» тугмасини босиб, тўлов суммасини киритасиз ва уни амалга оширишингиз мумкин.

Нима учун ҳисоблагич кўрсаткичларини юбориш керак?

Инспекторлар ҳар ой ҳисоблагич кўрсаткичларини юборишни сўрашади. Бу энг аввало сиз учун керак, чунки бу ҳар ойлик тўловнинг тўғри ҳисобланиши учун зарур.

Ҳисоблаш тизими сизни ҳар ойда бир хил миқдорда сув истеъмол қилади деб уйлайди. Агар ҳисоблагичлар кўрсаткичини юбориб турмасангиз, унда тизим автоматик равишда ҳар ой олдинги ойлар истеъмоли асосида тахминий миқдорни ҳисоблаши мумкин.

Натижада, сизга аслида мавжуд бўлмаган қарз ёзилиши мумкин. Ёки дастурда катта миқдордаги олдиндан тўлов кўрсатилади, аслида эса қарздорлик бўлади.

Нима учун узоқ вақтга олдиндан тўлов қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида. Айтайлик, сиз совуқ сув учун олти ойга олдиндан тўлов қилдингиз. Демак, тизимда биринчи ой учун катта миқдордаги пул тушуми бўлди, лекин кейинги ойларда умуман пул тушмади.

Агар ҳисоблагич кўрсаткичларини юбориб турмаган бўлсангиз, у ҳолда тизим автоматик тарзда сизга тўловлар бўлмаган иккинчи ва кейинги ойлар учун қарздорликни ёзиши мумкин.

Шунинг учун коммунал тўловларни бир ой олдин тўлаган яхшироқ.

Совуқ сув ҳисоблагич кўрсаткичини қандай қилиб ўзингиз юборишингиз мумкин?

Совуқ сув ҳисоблагичлари кўрсаткичларини «Ўзсувтаъминот» сайтидаги шахсий кабинетингиз орқали юбора оласиз. Агар сиз унга биринчи маротаба кираётган бўлсангиз, рўйхатдан ўтишингиз керак.

Сайтда рўйхатдан ўтиш. Бунинг учун cabinet.uzsuv.uz/login манзилидаги шахсий кабинетингизга ўтасиз ва шахсий ҳисоб рақамингизни киритасиз. Кейин мобил телефон рақамингизни киритасиз. Унга тасдиқлаш коди юборилади, уни кейинги босқичда киритишингиз керак.


Кўрсаткични юбориш. Шахсий кабинетингизга киринг ва «Кўрсаткични юбориш» бўлимига ўтинг.


Кўрсатилган ойнада ҳисоблагич кўрсаткичларини киритинг (фақат қора рақамлар). Масалан: 05432. Кўрсаткичлар дарҳол маълумотлар базасига киритилади, шундан сўнг баланс қайта ҳисоблаб чиқилади.


Тўловлар тарихини кўриш. Шахсий кабинетингизда «Ҳисоблашлар» бўлимига ўтасиз. Бу ерда сиз ҳисоблагичлар ва тўловларнинг батафсил тақсимотини, шу жумладан ҳисоблагич кўрсаткичларини қўлда киритгандан сўнг тузатишларни кўришингиз мумкин.


Қандай қилиб иссиқ сув ҳисоблагичининг кўрсаткичларини ўзингиз юборишингиз мумкин?

Иссиқ сув ҳисоблагичларининг кўрсаткичларини «Тошиссиққуввати» ДУК веб-сайтидаги шахсий кабинетингиз орқали юборишингиз мумкин. Агар сиз унга биринчи маротаба кираётган бўлсангиз, у ҳолда рўйхатдан ўтишингиз керак.

Сайтда рўйхатдан ўтиш. Шахсий кабинет учун логин ва паролни «Тошиссиққуввати» бўлимидан олишингиз мумкин.


Кўрсаткичларни юбориш. Бунинг учун «Шахсий кабинетингиз»га кирасиз ва «Ҳисоблагич кўрсаткичини юбориш» бўлимига ўтасиз. Кўрсатилган ойнада ҳисоблагич кўрсаткичларини киритишингиз керак (фақат қора рақамлар). Масалан: 16541.


«Ҳисоблагич кўрсаткичи» бўлимида сиз барча ҳисоблагич кўрсаткичлари тарихини кўришингиз мумкин.


Ҳисоблаш тарихини кўриш. Шахсий кабинетингизда «Ҳисоб-китоблар тарихи» бўлимига ўтинг ва керакли йилни танланг. Бу ерда сиз иссиқ сув ва иситиш учун алоҳида тўловларнинг батафсил ҳисоб-китобларини кўришингиз мумкин.

Жорий коммунал тарифларни қаердан топиш мумкин?

e-kommunal веб-сайтида Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари бўйича барча коммунал хизматлар учун жорий тарифлар тақдим этилган.