Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида жойлашган «Дўстлик» маҳалласига ташрифи давомида кўп қаватли уйнинг деворига чизилган «Дўстлик рамзи» муралига эътибор қаратди, деб хабар бермоқда «Дарё» нашри.

«Нега ҳаммаёққа шундай қилмайсизлар? Бу мурал ҳам одамнинг кайфиятига ижобий таъсир қилади», — деган Шавкат Мирзиёев.


Шавкат Мирзиёев масъуллардан бу каби мураллар қачондан бошланганини сўраган. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бу турдаги деворий мураллар 2021 йилнинг баҳоридан чизила бошланганини таъкидлаган. «Дўстлик рамзи» муралининг муалифи эса Ҳасан Майчеевлиги айтилган.

Граффити, постерлар, мураллар, теглар, асфальтдаги расмлар — буларнинг барчаси стрит-арт, шаҳар кўчаларидаги санъат ҳисобланади. Тасвирлар асосан бирор муаммоли мавзуни кенг омма олдида тарғиб қилиш учун яширин тарзда чизилади. Стрит-арт қандай келиб чиққан, унинг йўналишлари, машҳур «кўча рассомлари» ҳақида «Стрит-арт — санъатми ёки вандализм?» номли мақолада ҳикоя қилган эдик.