Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллалар ҳаёти, саноат лойиҳалари билан танишиш мақсадида Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманига ташриф буюрди.

«Дарё» нашрининг хабар беришича, давлат раҳбари тумандаги «Дўстлик» маҳалласига борган ва маҳалла раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси ҳамда ёшлар бўйича масъуллар билан суҳбатлашган.

«Мен нима учун Янгиҳаёт туманига кўп ташриф буюряпман? Аввало, шу ерни обод қилиб олишимиз керак. Авваллари шаҳар марказидан Сергелига такси келиши қийин эди. Энди бу ерларни ривожлантиришимиз керак», — деган Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев ёшлар етакчиси билан суҳбатда ундан қанча фуқаронинг ишсизлиги ва амалга оширган ишлари ҳақида сўраган. Етакчининг жавобига кўра, «Дўстлик» маҳалласининг ҳарбий хизматга боришни ният қилган ёшлари, март ойида бир ҳафта давомида, полигонга боришни режалаштирган.

Шунингдек, маҳаллада 40 нафар ёшлар IT-соҳасига қизиқиш билдираётгани айтилган.

Президент уюшмаган ёшларни спортга ва касбларга қизиқтириш бўйича топшириқлар берган.