Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида Ўзбекистон ҳудудида фаолияти тақиқланган «Ҳизб ут-Таҳрир» диний-экстремистик ташкилоти ғояларини тарғиб қилишда гумон қилинган шахс қўлга олинди, деб хабар бермоқда ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси.

Маълумотларга кўра, муқаддам «Ҳизб ут-Таҳрир» сафида фаолият олиб борганлиги учун 2000−2004 ва 2007−2013 йилларда жазо муддатини ўтаб чиққан 43 ёшли М.А. жиноий фаолиятини тиклаб, «Facebook» ижтимоий тармоғи орқали экстремистик ғояларни тарғиб қилиш ва шу йўл билан «таҳрирчилар» сафини кенгайтиришга қаратилган ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этган.

М.А. Facebook орқали виртуал дўстларига «Ҳизб ут-Таҳрир» ДЭТнинг аудио-видео материалларини, шунингдек ташкилотнинг фаол виртуал ёлловчиси ва тарғиботчиси «Махмуд Абдулмўмин» тахаллусли, 1980 йилда Қирғизистонда туғилган Махмуджон Холдаровнинг маърузаларини тарқатиб келгани аниқланган.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув тадбирлари амалга оширилмоқда.