Ўзбекистон давлат солиқ қўмитаси январь ойида амалга оширилган ва Soliq иловасида рўйхатдан ўтказилган харидлардан қайтадиган 1 фоизлик кешбэк 21−25 февраль кунлари тўлаб берилишини маълум қилди. Мос равишда февраль харидлари учун кешбэк март ойининг худди шу саналарида тўланади.

1 январдан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларида жисмоний шахслар томонидан амалга оширилган харидлар суммасининг 1 фоизини олиш имконияти жорий этилган эди. Бунинг учун фискал белгиси бўлган QR-кодга эга чекни олиш керак. Олдинроқ ҳисобланган суммани ҳар ой охирида олиш мумкинлиги хабар қилинганди.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботларини тақдим этиш муддати ойнинг 20-кунига қадар белгилангани сабабли 21 дан 25-гача муддатлар белгиланди, деб хабар қилди Давлат солиқ қўмитаси.

«Газета.uz» қайси харид чеки ҳақиқий ҳисобланади, харид чекини қандай рўйхатдан ўтказиш мумкин ва кешбэкни банк картасига ўтказиш ҳақида қўлланма тайёрлаган эди.