Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов чоршанба куни фуқаролар ва журналистлар билан учрашиб, уларни Бобур кўчасини реконструкция қилишнинг дастлабки лойиҳаси билан таништирди. У биноларнинг фасадларини янгилаш, велосипед йўлакларини ташкил этиш ва пиёдалар йўлакларини ободонлаштиришни ўз ичига олади. Буюртмачи — Тошкент шаҳар ҳокимлиги.

«Бобур кўчасини реконструкция қилиш лойиҳаси дастлабки ҳисобланади. Нима қилишни режалаштирганимизни кўрсатиб, шу ерда яшовчи фуқароларнинг фикрини билмоқчимиз», — деди Анвар Сайфутдинов.

Унинг сўзларига кўра, реконструкция ишлари Бобур кўчасининг Тошкент халқаро аэропорти яқинидаги кўприкдан Яккасарой тумани ҳокимлиги биносигача (собиқ Поябзалчилар маданият саройи) бўлган қисмида амалга оширилади.

Лойиҳа 20 дан ортиқ объектни қамраб олади. Улардан тўрттаси меъморий ёдгорлик бўлиб, моддий маданий мерос объектлари давлат реестрига киритилган. Улар — 1930 йилда қурилган собиқ Поябзалчилар маданият саройи, «ТошкентбошпланЛИТИ» ИТИ (ХХ аср), собиқ Тўқимачилар маданият саройи (1938−1940), шунингдек, 7-икки қаватли уй (1936).

Туман ҳокимининг таъкидлашича, маданий мерос объектларини реконструкция қилиш ишлари Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши томонидан қайси қурилиш материалларидан, ранг палитраси ва безак элементларидан фойдаланиш бўйича фикр ва тавсиялари берилганидан сўнг бошланади.

Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг ихтиёрий жамоатчи инспектори Оксана Пионтковская меъморий ёдгорликлар реставрацияга муҳтожлигини, аммо бинолар фасадини таниб бўлмас даражада ўзгартириш шарт эмаслигини таъкидлади.

«1, 3 ва 5-турар-жой бинолари ягона тарихий меъморий ансамблни ўзида намоён этади. Барча бинолар собиқ Поябзалчилар маданият саройига бўйсунади. Уларнинг асл кўринишлари қайтарилиши керак. Эскизларда замонавий материаллардан фойдаланилишини кўриб турибман. Аввалги кўринишдан асар ҳам йўқ», — деди Оксана Пионтковская.

Туман ҳокимлиги қолган объектларни реконструкция қилиш масаласини шаҳар бош архитектори билан муҳокама қилмоқчи.

Туман ҳокими тақдим этган лойиҳа Sigma Tashkent хусусий корхонаси томонидан ишлаб чиқилган. Асосий эътибор биноларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришга қаратилган. Хусусан, балконларни тартибга келтириш, фасадларни декоратив элементлар билан безаш режалаштирилган.

«Асосийси — бу ерни гўзал қилиш», — деди Анвар Сайфутдинов.

Инфратузилмадаги ўзгаришлар велосипед йўлини ташкил қилишни ўз ичига олади. Бобур кўчасининг Ислом Каримов шоҳ кўчаси билан кесишган қисмидан Нукус кўчаси билан чорраҳасигача чўзилади. Кўчанинг икки томонига пиёдалар йўлаклари барпо этиш, суғориш тизимини яратиш режалаштирилган. Пиёдалар йўлаклари LED-лампалар билан ёритилади.

Туман ҳокими реконструкция бошланганида шахсан ўзи участкаларни айланиб, муаммоларни жойида ҳал қилишга ваъда берди.

Бобур кўчасини реконструкция қилиш лойиҳасини мувофиқлаштириш ва тасдиқлаш жараёни, Анвар Сайфутдиновнинг сўзларига кўра, икки-уч ой давом этиши мумкин. Шундан сўнг, ҳисоб-китоблар билан ишлаш ва пудратчиларни қидириш бошланади.