Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 феврал куни «Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида умумий майдони 1,2 млн га бўлган «Марказий Қизилқум» миллий табиат боғи ва Томди туманида умумий майдони 40 минг га бўлган «Оқтоғ-Томди» давлат қўриқхонаси ташкил этилмоқда.

2022 йилда боғ ва қўриқхона фаолияти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағлари ҳисобига молиялаштирилади. 2023 йилдан бошлаб Навоий вилояти маҳаллий бюджети маблағлари молиялаштириш ишларига жалб этилади.

Шунингдек, Давлат экология қўмитасига «Марказий Қизилқум» миллий табиат боғи ва «Оқтоғ-Томди» давлат қўриқхонаси учун малакали мутахассислардан ходимларни шакллантириш вазифаси топширилган.

Ҳужжатда 2018−2021-йилларда мамлакатдаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг улуши қарийб икки бараварга, Угам-Чотқол давлат биосфера резервати, Хоразм миллий табиат боғи ва Жанубий Устюрт миллий табиат боғи, шунингдек, «Судоче-» давлат қўриқхонасининг улуши қарийб икки баробарга ошгани эслатилган.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни яратишдан мақсад

Миллий табиат боғи ва давлат қўриқхонаси Қизилқум чўлининг ноёб табиий мажмуа ва объектларини, шу билан бирга йўқолиб кетиш ҳавфи остида бўлган ноёб ҳайвонлар ва қушларни ҳамда ўсимлик турларини, у ерлардаги ландшафтларни муҳофазага олади, дейилади Экология қўмитаси хабарида.

Миллий табиат боғи ва давлат қўриқхонаси ҳудудида Қизил Китобга киритилган 30 дан ортиқ турдаги ноёб ҳайвон турлари, 10 дан ортиқ ўсимлик турлари мавжуд. Мазкур муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ноёб ҳайвон тури — жайроннинг Қизилқум чўлидаги популяциясининг қарийб 80 фоизи ҳаёт кечиради, дея қайд этади экологлар

«Марказий Қизилқум» миллий табиат боғи ва «Оқтоғ-Томди» давлат қўриқхонасининг ташкил этилиши муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ноёб ҳайвонлар ва ўсимликлар ҳамда табиий мажмуаларнинг муҳофаза қилиниши натижасида яқин ўн йиллик даврда ҳайвонларнинг бош сони камида 15 фоизга ортиши, ўсимлик популяцияларининг тарқалиш ареаллари 20 фоизга кенгайишига эришилади, дея ишонч билдирмоқда Экология қўмитаси вакиллари.

Бундан ташқари, ушбу муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ташкил этилиши минтақадаги табиий мажмуаларнинг қайта тикланишига ҳамда экологик хавфсизликка бўлган таҳдидларнинг, яъни, чўлланишнинг ортиб бориши, ҳавонинг қум ва чанг зарралари билан ифлосланиши, иқлимнинг кескин ўзгаришига таъсир кўрсатувчи салбий омилларнинг олди олинишига шароит яратиши айтилмоқда.