Ўзбекистонда эндиликда божхона ходимлари ва уларнинг фарзандларига ОТМга киришда алоҳида квота ажратилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва соҳани коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказаётган йиғилишда айтиб ўтилди.

Йиғилишда, ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш чора-тадбирлари белгилаб берилди.

Жумладан, Олот, Гулистон, Термиз ва бошқа ҳудудлардаги олис постларда ишлайдиган ходимлар учун хизмат уйлари барпо этилиши режалаштирилмоқда.

Божхона ходимлари ва уларнинг фарзандлари учун олий ўқув юртларига киришда алоҳида квота ажратилишидан ташқари, жорий йилда уй-жойга эҳтиёжи бор 100 нафар ва ҳар йили камида яна шунчадан ходим имтиёзли ипотека билан таъминланади.

Президент йиғилиш давомида бугунги кунда божхона органларида аёлларнинг улуши бор-йўғи 8 фоизни ташкил этишига эътибор қаратди.

«Соҳада адолат, ҳалоллик ва тартибни жорий қилишни хоҳлар эканмиз, тизимга аёл ходимларни жалб қилиш учун барча зарур шарт-шароитларни яратишимиз шарт», — деди давлат раҳбари.

Шу муносабат билан келгуси икки йилда аёллар улушини камида 2 баробарга ошириш бўйича ишларни ҳозирдан бошлаш вазифаси қўйилди.

Сал аввал, олис ва шароити оғир постларда ишлаётган божхона ходимлари иш ҳақига қўшимча устамалар жорий этилиши ҳақида хабар берган эдик.