ДХХ Қорақалпоғистонда амалга оширилган қурилиш ишлари давомида 30 млрд сўмдан кўпроқ маблағ талон-торож қилинганини аниқлади.

Таъкидланишича, президентнинг [ПҚ-3507-сон] қарори билан 2018−2021 йилларда Нукус давлат педагогика институтининг ўқув биноларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш учун 54,3 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган.

2018 йилда ўтказилган тендерда «Jayhun Universal Qurilish» МЧЖ ғолиб бўлиб, у томонидан 2021 йилнинг сентябрь ойига қадар барча ишлар амалга оширилиши керак бўлган.

Аммо, зарур маблағлар давлат бюджетидан ажратилганига қарамасдан, режалаштирилган ишлар белгиланган муддатда якунига етмаган.

«Пудратчи „Jayhun Universal Qurilish“ МЧЖ ва буюртмачи ҳисобланган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг „Ягона буюртмачи хизмати“ инжиниринг компанияси мансабдор шахслари ўзаро тил бириктирган ҳолда, тегишли ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан 12,7 млрд сўм миқдордаги пул маблағларини талон-тарож қилишган», — дейилади ДХХ хабарида.

Аниқланган ҳолат юзасидан «Jayhun Universal Qurilish» МЧЖ ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бошқа ҳолатда эса буюртмачи «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ инжиниринг компанияси Қорақалпоғистон филиали ва 7 та пудратчи ташкилотлар мансабдор шахслари 2020 йилда Қорақалпоғистонда кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун ажратилган бюджет маблағининг 17,5 млрд сўмини талон-тарож қилганликлари аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳам қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. 2020 йилда «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали ва «S.S.» МЧЖ мансабдорлари бажарилмаган 949 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги айтилганди.