Бухоро влоятининг Қоракўл туманидан оқиб ўтувчи каналдан 33 ёшли аёлнинг жасади топилди.

«Дарё» нашрининг «Чандиробод» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Садриддин Шароповга таяниб ёзишича, аёл Қоракўл туманидаги «Арабхона» маҳалласида истиқомат қилган. 8 февраль куни уйидан чиқиб кетиб, қайтиб келмаган.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Миржон Файзуллаевнинг сўзига кўра, 11 февраль куни соат 06:48 да қутқарув бўлимига чақирув бўлган. Ёмон жар катта каналининг Бухоро шаҳридан қарийб 90 километр олисдалиги боис, қутқарув гуруҳи тахминан соат 09:15 ларда етиб борган. Жасад 15 дақиқада топилган ва у ярим яланғоч ҳолатда, шунингдек, танасида турли доғлар мавжуд бўлгани боис, жиноят аломатлари топилиши эҳтимолида суд-тиббий экспертизага топширилган.

С.Р.нинг ўлимига нима сабаб бўлгани ҳозирча аниқланмаган.

Вилоят прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Анвар Эсанов ҳолат юзасидан Қоракўл туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ишлари олиб борилаётганини билдирган.