Тошкентнинг Яккасарой тумани ҳокимлиги Космонавтлар майдони қаршисида жойлашган 16 қаватли ноёб «Марварид» уйи олдидаги Космонавтлар боғини реконструкция қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда туман ҳокими Анвар Сайфутдинов «Газета.uz»га хабар қилди.

Фото: Яндекс.Хариталар

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда боғ «аянчли аҳволда» ҳамда замонавий боғ ва хиёбонлар талабларига жавоб бермайди. Ушбу ҳудудда сайр ва хордиқ чиқариш зонасини ташкил этиш режалаштирилган.

«Ҳудудни ободонлаштириб, мўъжаз боғ барпо этмоқчимиз. Бу ер одамлар сайр ва хордиқ чиқариш учун келадиган маскан бўлади», — деди у.

Анвар Сайфутдинов. Фото: Яккасарой тумани ҳокимлиги.

Туман маъмурияти раҳбари лойиҳани амалга оширишда бирорта ҳам дарахтга зарар етказилмаслигини таъкидлади. Аксинча, яшил ҳудуд майдони кенгайтирилади.

Боғда пиёдалар ва велосипед йўлаклари ташкил этилади, болалар майдончалари ўрнатилиб, аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда бошқа қулайликлар яратилади, деди ҳоким.

Боғнинг ҳозирги ҳолати. Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz»

Анвар Сайфутдинов лойиҳа Mimar Group томонидан амалга оширилмоқда. Ушбу компания якшанба кунидан бери Космонавтлар майдонида реконструкция ишларини олиб бормоқда.

Лойиҳа рендери