«Навоий кўчасига трамвай қайтарилмайди». Тошкент ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Daryo.uz мухбирининг саволига шундай қисқа жавоб берди.

Тадбир «Газета.uz»да «Навоий кўчасини ҳам шоссега айлантиришга қарор қилинди» сарлавҳали мақола эълон қилганидан сўнг ташкил этилди.

Журналистларда Тошкентда трамвай қатнови тикланиши ҳақида аниқлаштирувчи саволларни бериш имкони бўлмади. Транспорт бошқармаси бошлиғи ва «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси раиси трамвай бўйича алоҳида дастур қабул қилинишини таъкидлашди, холос.

Матбуот анжуманига қадар лойиҳа ишлаб чиқувчилари, жумладан туркиялик мутахассислар уни қайта ишлаб чиқишди. Унда «Газета.uz»нинг кўчада жамоат транспорти учун алоҳида йўлак ажратилмагани ҳақидаги эслатмаси инобатга олинган. Йўлаклар кўчанинг ҳар икки томонига ўнг томондаги энг чет қаторларга қўшилган. Машина қўйиш жойлари эса кўзда тутилмаган.

Лойиҳачилар Навоий-Пахтакор чорраҳасини реконструкция қилиш лойиҳасини ҳам қайта кўриб чиқишди. Уни Т шаклида қолдиришга қарор қилинди.

Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Мурод Обидовнинг айтишича, бир кун аввал ҳокимлик томонидан киритилган лойиҳа якуний эмас. Кўрсатилган янги лойиҳа ҳам ўзгариши мумкин. Лойиҳа илмий ёндашув ва мутахассисларнинг ҳисоб-китоблари ҳамда компьютер дастури асосида ишлаб чиқилаётганини таъкидлади.

Шу билан бирга, Навоий-Лабзак чорраҳасини аввал намойиш этилган тақдимотдагидек қолдириш режалаштирилган — битта пиёдалар ўтиш жойисиз ва қисман тартибга солинмайдиган қилиб қолдирилган ўтиш жойи билан.

Бахтиёр Раҳмонов мазкур чорраҳани реконструкция қилиш лойиҳаси синов тариқасида амалга оширилаётганини таъкидлади. У ишга туширилгандан кейин самарадорлиги баҳоланади ва шундан сўнг чорраҳа «эталон» сифатида қабул қилиниши мумкин. Ундан намуна олиб, кўчадаги бошқа чорраҳалар ҳам реконструкция қилинади.

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бир кун аввал «Газета.uz»га ишлаб чиқилган лойиҳа ёқмаётган бўлса, ўз таклифини билдиришни айтгани сингари, ҳокимнинг биринчи ўринбосари ҳам журналистлардан ўз лойиҳаларини тақдим этишни сўради.

Журналистлар жаҳон пойтахтлари тажрибасини мисол қилиб келтиришди. Хусусан, ўтказувчанлик (автомобиллар сони) эмас, балки юк кўтариш қобилиятини (ташилган йўловчилар сони) ошириш биринчи ўринга қўйилгани, жамоат транспортини жадал ривожлантиришга эътибор қаратилиб, рағбатлантирилаётгани, одамларни шахсий автомобилларидан узоқлаштириш мақсадида ҳатто ноқулайликлар — кўчаларни торайтириш, йўлакларни кенгайтириш, тезликни пасайтириш, тўхташ жойи нархларини ошириш каби ишлар олиб борилаётгани айтиб ўтилди.

Ҳокимлик маъмурияти вакили реконструкциядан сўнг авваллари гавжум бўлган Фарғона йўли кўчасида ҳаракат жадаллашгани, автоҳалокатлар сони камайганини таъкидлади. У кўча пиёдалар учун ноқулайроқ, хавфлироқ ва тажовузкорроқ бўлиб қолгани ҳақидаги фикрларга қўшилмади.

Шунингдек, у шаҳарнинг бошқа кўчаларида бўлгани каби Навоий кўчасида ҳам ҳаракат тезлиги 70 км/соатдан 60 км/соатга туширилишига ишонч билдирди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент марказида тезликни «50−60 км/соат»га тушириш зарурлигини таъкидлаган эди, бироқ расмий хабар ва баёнотларда «50» рақами учрамайди.

Нима учун юз минглаб инсонлар манфаатларига дахлдор бўлган бу каби муҳим лойиҳалар жамоатчилик билан муҳокама қилинмаяпти, деган саволга Бахтиёр Раҳмонов мунозаралар ойлаб чўзилиши мумкин, дея жавоб берди.

Якунда ҳокимнинг биринчи ўринбосари ташаббус гуруҳини тузиш таклифи билан чиқди. Унинг таркибига шаҳар мавзуларини ёритувчи журналистлар, шунингдек, Навоий кўчаси ўтадиган маҳаллалар вакиллари (улар ҳам йиғилишга таклиф қилинган, лекин улар сўзга чиқмади) киритилади.

Бахтиёр Раҳмонов йиғилишни қуйидагича якунлади: Навоий-Лабзак чорраҳаси тажриба тариқасида реконструкция қилинади, бажарилган ишлар баҳоси кейинроқ берилади, зарурат туғилганда «каллакланади», лекин лойиҳа тўлиқ қайта кўриб чиқилмайди.