Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида ИИБга олиб кетилган 37 ёшли фуқаро Юсуф Султоновнинг 4−5 соатдан сўнг уйига ўлик ҳолда қайтарилгани айтилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Facebook-саҳифасида ёзди.

Ҳодиса гувоҳларига таяниб маълум қилинишича, икки фарзанднинг отаси бўлган Юсуф Султонов 11 февраль куни соат 17 ларда маст ҳолатда аввал ўзи яшайдиган уйда, сўнг қўшни хонадонларда жанжал кўтарган.

Daryo билан суҳбатда бўлган «Чандир» МФЙ раиси Исмат Авазов марҳум Юсуф Султоновнинг ҳақиқатан ҳам ичкиликка ружу қўйганини билдирган.

Миришкор туман ҳокимлиги ИИБга таяниб, туман ИИБга Юсуф Султоновнинг вафот ҳақида 2022 йилнинг 12 февраль куни соат 01:47 да хабар берилганини маълум қилди.

«2022 йил 11 февраль куни соат 18:15 да 56 ёшли фуқаро К.А. профилактика инспектори, майор Сунатилла Дониёровга телефон қилиб, Юсуф Султонов маст ҳолда кўчада фуқаролар тинчини бузаётганини айтиб, чора кўришини сўраган. Лейтенант Қ.Ниёзбоев қўшни ҳудуд профилактика инспектори лейтенант И.Очиловни телефон орқали чақириб, унинг машинасида Юсуф Султоновни „Чандир“ МФЙ биносига олиб бориб, спиртли ичимлик истеъмол қилгани юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирган. Юсуф Султоновни профилактика инспекторлари — лейтенант Қ.Ниёзбоев ва майор С.Дониёров вилоят наркология диспансерига олиб борган. Диспансер шифокорлари Юсуф Султоновнинг соғлиғи ёмонлигини, шифохонага олиб боришлари кераклигини билдирган. Шундан сўнг бемор 23:10 да Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиалига олиб борилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан Ю.Султонов шифохонада вафот этган», — дейилади туман ҳокимлиги хабарида.

12 февралдаги СТЭ маълумотномасида марҳумнинг «ўткир заҳарланишнинг оғир даражаси, аспирацион синдиром, алкогол комаси, УНЕ 2,3-даражали, УЮКТЕ 2-даражали, аганал ҳолати» натижасида вафот этгани ҳамда танасида жароҳатлар йўқлиги кўрсатилган.

Вилоят прокуратурасининг маълум қилишича, Юсуф Султоновнинг ўлими юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан тергов-суриштирув жараёнлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг январь ойида Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани Лангар қишлоғида яшовчи фуқаро Ю. А. чорва моллари ўғирлигида гумон қилиниб, туман ИИБ ходимлари томонидан қаттиқ калтакланиши оқибатида вафот этган эди.2021 йилнинг августида эса Нишон туманида ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилган фуқаро Наркология диспансерида вафот этди.