Тошкент марказида космонавт Владимир Жанибековга қўйилган ҳайкал атрофидаги гранит ва мармар плиталарнинг қўққисдан демонтаж қилиниши ортидан юзага келган жамоатчилик эътирозидан сўнг, 16 февраль куни воқеа жойига пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев етиб келди.

Kun.uz`га берган интервьюсида Жаҳонгир Ортиқхўжаев реконструкция ишлари ҳудудда маҳаллий аҳоли вакиллари илтимоси билан бошланганини маълум қилган. Унинг айтишича, мармарларнинг ораси 10 сантиметрлаб қочиб кетгани сабабли, одамлар қоқилиб келган.

«Коинот» ёдгорлиги ҳудуди демонтаж қилинаётганда нега Маданий мерос агентлиги хулосаси олинмагани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Ортиқхўжаев «ҳаммаси келишилганини» маълум қилган. Ишлар келишилмай бошлангани ҳақидаги таъкидга жавобан эса бош вазир Азиз Абдуҳакимов «ҳозир келишини» айтган.

«Ўзи буни (реконструкцияни) биз қилишимиз керак эмас. Маданий мероснинг ўзи қилиши керак. Ҳокимиятнинг иши эмас аслида. Энди шуни тартибга солиб қўяйлик, деб тартибга соляпмиз. Агар нотўғри иш қилаётган бўлсак, айтинглар. Давлатнинг пули кетаётгани йўқ. Ҳомийлик асосида қилиняпти. Қурувчилар қилиб беряпти. Давлатнинг харажати бўлаётгани йўқ. Агар бу хато иш бўлаётган бўлса, айтинглар. Асл мақсад хатоликдами ёки мендан айб топишми?» — деган ҳоким.


Жаҳонгир Ортиқхўжаев асл мақсад «мана шу жойни обод қилиш ва аҳоли розилигини олиш"лигини қайд этган.

«Агар асл мақсад шу бўлса, аҳоли розилигини олиш бўлса, 10 кунгина сабр қилинглар. Агар нотўғри бўлса, мени ҳар қанча айблашларингга розиман. Агар 10 кундан кейин аҳоли норози бўлса, қанча айбласангиз розиман. 10 кундан кейин», — деб айтган ҳоким.

Тошкент ҳокими лойиҳа ҳомийлик маблағлари эвазига амалга оширилаётганини таъкидлаган (сал аввал лойиҳани Akfa компанияси молиялаштириши хабар қилинган эди).

«Мана шуни чиройли қилишга қўйиб беринглар. Бир сўм давлатнинг пули кетмаяпти. Аҳоли розилиги, шу ерда айланиши учун қиляпмиз. Илтимос, шу ерни чиройли қилишга қўйиб беринглар. Бўлди, мен маданий меросгаям тегмайман, атрофи обод бўлади. Худди шундай „Монумент мужества“ (Жасорат монументи) обод қилинди. Тўғрими, кўрганмисиз, қанақа эди, қанақа бўлди. Худди шунга ўхшаб, Халқлар дўстлиги майдонини ҳам қилганмиз», — деган у.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Владимир Жанибеков бюстига реконструкция вақтида зиён етказилмаслигига ваъда берган.

«Агар мана шу маданий мероснинг бир жойига тиғ тегса, мени жавобгарликка тортасиз. Агар миллатга, халқимизга яхши бўлсин десангиз, 10 кун сабр қилинг. Бошқа нарсани айлантирганингиз билан мени… Шаҳарда қачон иш кетади? Тезроқ иш кетиши керак, кун ёруғ. Тезроқ бу иссиқ кунлардан фойдаланишимиз керак», — деган у.

Суҳбат давомида Kun.uz мухбири майдондаги гранит плиталар 1984 йилда Шароф Рашидов даврида ўрнатилганини эслатиб, улар ҳам сақлаб қолинишга лойиқ эканини билдирган, лекин ҳоким унга 10 кун муҳлат беришларини сўраган.

«Ҳа, Шароф Рашидов қурган. Жойлари жаннатда бўлсин. Эътироф қиламан, улар кўп ишлар қилган. Бизгаям насиб қилсин улардай улуғ инсон бўлишни. Лекин бу плиталар ёшини яшаб бўлди — 30 йилдан ошди. 10 кун сабр қилинглар. Ҳозир айлантириб нима қиласиз? Журналистсиз, биламан… Агар ҳозир ҳайп қилмоқчи бўлсангиз, юринг, мен сизга кўп ҳайплар… Агар менинг устимдан ёзмоқчи бўлсангиз ёки бошқа иш қилмоқчи бўлсангиз, юринг, мен сизга кўп нарсаларни кўрсатиб бераман. Ҳозир буларни оляпсиз-у, битгандан кейин ҳам келиб оласиз. Агар ёмон бўлса, Ортиқхўжаев бузибди буни деб айтасиз. Яхши бўлса, яхши қилибди, барака топсин деб айтасиз. Президентимизнинг топшириқларини бажарибди, инсонлар билан гаплашибди, аҳоли рози бўлибди, деган гапни ёзасиз. Розимисиз?» — деган ҳоким.

Ҳоким ўзини қилинган иш ва жамоатчилик фикри асосида баҳолашни сўраган. У шунингдек, Газета.uz`дан ҳам, Kun.uz`дан ҳам кўра, маҳаллий аҳоли, шаҳар халқининг ҳурматини қадрлашини, улуғ кўришини айтган.

«Сайт бугун бор, эртага йўқ. Тўғрими? Сизлар битта МЧЖми? Бир кунда 3 минг МЧЖ ёпилиб, 3 мингтаси очиляпти. Лекин миллат мана шу ерда яшайди», — деган у.


Майдонга етиб келган бош вазир ўринбосари, спорт ва туризм вазири Азиз Абдухакимов, ҳокимият ишларни рухсат олмасдан, лекин «яхши мақсадларда» бошлаганини тасдиқлаган.

«Ҳозирга келиб, билишимча, ҳокимимиз тезкор равишда ҳамма лойиҳа ва материалларини тайёрлаб қўйди ва бизнинг экспертлар билан ишни бошлаб юборди. Материалларни бугун яна кўриб чиқамиз», — деган у.

Абдуҳакимовнинг айтишича, агентлик уларга тошлар ранги, сифати каби барча талабларни тушунтирган.

Бош вазир ўринбосари ҳокимият маданий мерос объектини бузиб бўлингач, демонтаждан кейин илмий-экспертлар кенгаши хулосасини олганлиги ҳақидаги факт нотўғри, деб ўйлашини айтади. Азиз Абдуҳакимов ҳозир маданий мерос объектларини ҳимоя қилиш бўйича аниқ тизим яратилганини қўшимча қилади. Ҳозир алоҳида Маданий мерос агентлиги, бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси қошида Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш инспекцияси ҳам ишлаб турганини, шунингдек, Бош прокуратура қошида бошқарма ташкил этилганини айтади. Қаерда қонун бузилиши ҳолати бўлса, айбдорлар аниқланиб, жавобгарликка тортиляпти, дейди у.

Азиз Абдуҳакомов Космонавтлар объектидаги ҳолатда ҳақиқатан ҳам тартиб бузилганини тасдиқлаб, юристлар билан ўрганиб чиқиб, хулосани айтишини таъкидлаган. Шу билан у, ҳолат тезкорлик билан бўлганига алоҳида сабаблар борлигини айтган. Вазирнинг сўзларига кўра, Тошкентга кўплаб ва шу жумладан, юқори даражали меҳмонлар келиши туфайли ҳам ишлар тезкорлик билан ташкил қилинган.