Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи 2022 йил ёзида фойдаланишга топширилади. Бу ҳақда истироҳат боғини янгилаш ва таъмирлаш лойиҳаси раҳбари, BMP Smart Decision Management асосчиси Отабек Мирзажонов маълум қилди.

Туман ҳокимлиги матбуот хизматига берган интервьюсида тадбиркор бугунги кунда компания лойиҳага 4 млн доллар сармоя киритганини маълум қилди. Инвестициянинг умумий ҳажми 10 млн долларни ташкил этади.

«Реконструкция давомида биз паркда мавжуд бўлган барча аттракционларни янгилаймиз, 30 та аттракционга чет эл давлатлари — Россия, Хитой, Украина, Туркия корхоналари билан шартномалар тузилган. 90 фоиз аттракцион Ўзбекистонга келиб тушган, қолганлари йўлда. Бу аттракционлар билан биз боғ меҳмонларига қулайлик ва маданий хордиқ чиқаришга имконият яратиб берамиз», — деди у.

Отабек Мирзажоновнинг ишонтиришича, реконструкция жараёнида бирорта ҳам дарахтга (9 мингтадан) зарар етмаган. Ҳозир янги суғориш тизими ўрнатилмоқда. Ўз навбатида, сенатор Баҳодир Тожиев истироҳат боғларида олиб борилаётган қурилишлар туфайли суғориш тизимига зарар етаётгани, натижада дарахтларнинг қуриши ва касалланиши ҳолатлари кўпаяётгани ҳақида маълум қилган эди. Масалан, Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғида 15 туп, Олмазор туманидаги Абдулла Қодирий боғида 35 туп дарахт қуриб қолган.

«Боғимизни 2022 йилнинг ёзида ишга тушириш режаларимизда турибди. Боғда 400 тадан ортиқ иш ўринларини яратамиз. Кунига камида 10 минг кишининг бемалол хордиқ чиқариши учун имконият яратилади», — деди у.

Боғ 2019 йил май ойида ва 2021 йилнинг июнида. Манба: Google Earth.

Лойиҳа ва сингапурлик таъсисчи ҳақида

Сингапурнинг BMP Smart Decision компанияси Ўзбекистонда BMP Smart Decision Management компаниясини ташкил этиб, унинг 99 фоиз улушига эгалик қилмоқда. Отабек Мирзажонов қўлида эса 1 фоизлик ҳисса мавжуд.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 августдаги 670-ф-сонли фармойиши ва Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 15 августдаги қарори (иккала ҳужжат ҳам очиқ маълумотлар базаларида мавжуд эмас) асосида Ғафур Ғулом парки BMP Smart Decision компаниясига ижарага берилганди. Компания инвестиция мажбуриятлари қаторида модернизация қилиш ва «жаҳон стандартларига жавоб берадиган» замонавий боғ барпо этиши лозим эди.

Очиқ маълумотларга кўра, BMP Smart Decision компанияси 2019 йил 13 февраль куни устав фонди 1000 сингапур доллари (729 доллар атрофида) билан рўйхатдан ўтказилган. Асосий фаолият тури — бошқа қурилиш объектларини, (ўйин мажмуалари), иккинчи даражали фаолияти эса — мавзули боғларни бунёд этишдан иборат. Сингапур компанияси асосчиси Яккасарой туманида истиқомат қилувчи ўзбекистонлик Шерзод Халимов бўлиб чиқди.

Тошкент ҳокимлиги яна бир бор Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғи фуқаролар дам олиш жойи сифатида яшил зона бўлиб қолишини таъкидлади. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда унинг ўрнида турар-жой мажмуаси ёки бизнес-марказ қурилади, деган гап-сўзлар тарқалган эди.

Аввалроқ, 2019 йил сентябрь ойида ҳокимият объектни инвесторга топшириш билан боғлиқ вазиятни изоҳлаб, Ғафур Ғулом боғи реконструкция қилинганидан кейин «жамоат учун» бўлиб қолишини, тадбиркорлар фаолиятини давом эттиришини ва «битта дарахтга тегилмаслигини» айтган эди.

2021 йилнинг декабрида эса Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ғафур Ғулом боғини 49 йилга ижарага олган инвестор ўзига юклатилган вазифаларни бажармаганини маълум қилиб, боғни ижарага бериш масаласи қайта кўриб чиқилишини айтди.