Тошкент шаҳри Яккасарой туманида жойлашган Космонавтлар майдонини ободонлаштириш лойиҳаси маъқулланди. Бу ҳақда 15 февраль куни Маданий мерос агентлигида Илмий-эксперт кенгашининг қарори қабул қилинди.

«Кенгаш лойиҳага объектнинг тарихий ва бадиий қийматига таъсир кўрсатмаган ҳолда таъмирлашга рухсат берган», — дейилади хабарда.

«Газета.uz» Космонавтлар майдонида қўққисдан гранит плиталари демонтаж қилинаётганлиги ҳақида хабар берганидан сўнг Маданий мерос агентлиги Mimаr Group компанияси ҳудуддаги демонтаж ишларини рухсатсиз бошлаганини маълум қилди ва ишларни тўхтатиш кераклигини таъкидлади.

Рухсат йўқлигига қарамасдан, қурувчилар кейинги кун плиталарни демонтаж қилишни давом эттиришди. Туман ҳокими Анвар Сайфутдинов майдонда қурилиш ишлари олиб борилмаётганлигини ва ёдгорлик бузилмаслигини, шунчаки плиткалар янгиланиши ва «ачинарли ҳолатда» бўлган ҳудуд ободонлаштирилишини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳокимият фуқароларга қулайликлар яратишда «яхши мақсадларни кўзлаган».

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Космонавтлар майдонини «чиройли қилиш учун» унга 10 кун вақт беришларини сўради. «Ўн кун сабр қилинг. Агар нотўғри бўлса, мени ҳар қанча айблашларингга розиман», — деган шаҳар ҳокими. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ишлар олиб борилиши жараёнида қонунчилик бузилганини тасдиқлади.