Президент Шавкат Мирзиёев душанба кунги йиғилишда Вазирлар Маҳкамасига 3 кун муддатда импорт автомобиллари учун божхона божи ставкаларини 2 баробарга — 30 фоиздан 15 фоизгача пасайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритишга топшириқ берганди. Шундан сўнг, жамоатчилик фаоллари, блогерлар бу борада ўз фикрларини эълон қилишди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ушбу хабардан «хурсанд бўлишга шошилмай туриш керак"лигини айтди. Бакиров бугунги кунда UzAuto Motors учун рақобат ҳосил қилиши мумкин бўлган импорт автомобилларига (двигатель ҳажми 3000 см³гача автомобиллар учун) энг юқори бож ставкалари ўрнатилганлигига эътибор қаратди.

  • двигатель ҳажми 1000 см³ гача бўлган автолар учун 30% + ҳар куб см учун 1,80 доллар;
  • двигатель ҳажми 1001−1500 см³ гача бўлган автолар учун 30% + ҳар куб см учун 2 доллар;
  • двигатель ҳажми 1501−3000 см³ гача бўлган автолар учун 30% + ҳар куб см учун 2,5 доллар миқдорида импорт божлари ўрнатилган.

«Бу двигатель ҳажми 3000 см³ гача бўлган янги импорт автомобилларнинг ишлаб чиқарувчи нархини камида 2 баробарга қимматлаштиради», — дейилади иқтисодчи изоҳида.

Бакиров комбинациялашган божлардаги ҳар куб см учун махсус ставкалар бекор қилиниши кераклигини таъкидлади. «Агарда божлар 30%дан 15%гача пасайтирилган ҳолатда ҳам, плюс қўшилган ҳар куб см учун махсус ставкалар ўзгармаса, амалда UzAuto Motors`нинг монополиясига заррача таъсир бўлмайди», — дейди иқтисодчи. У ҳар куб см учун махсус ставкалар бекор қилинса ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчи 15% импорт божи ва 15% ҚҚС эвазига 32,25%лик устунликка эга бўлишини қайд этди.

Шунингдек, у нотариф чора таъсирларини божлардан ҳам «даҳшатлироқ ва зарарлироқ» дея таърифланган. «Бирон импортёр автомобиль импорт қилади, лекин турли сертификация ва мувофиқлаштириш, бошқа бюрократик сабаблар туфайли автомобилларни бож тўлаб ҳам очиқ режимга олиб чиқа олмайди. Бу энг расво, энг жирканч, энг исқирт усуллардан ҳисобланади. Бир марта бундай усулга рўпара келган бизнес вакили автомобиль импорт қилиш бизнесидан бутунлай воз кечади (биз бунга электромобиллар импорти масаласида кўп гувоҳ бўлаяпмиз)», — дейди блогер.

Бундан ташқари, Отабек Бакиров ёпиқ қарорлар билан Chevrolet, Šcoda, Volkswagen (Uzauto Motors), Kia, Lada, Renault (Rudell) каби автомобилларни импорт қилиш бўйича UzAuto Motors ва чўнтак хусусий компанияларга берилган имтиёзларнинг бекор қилиниши муҳимлигини таъкидлаган.

«Ҳамма бир стартда ва бир қоидаларда ишлаши зарур. Бошқача айтганда, автомобиль бозорининг эркинлашиши учун фақат божларнинг камайтирилиши кифоя эмас, бунга ҳукуматнинг рақобатни қўллаш бўйича очиқ ва шаффоф ҳаракатлари ҳам керак бўлади», — дейди у.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев божхона божларини 15 фоизга пасайтирилиши ҳисобига хориждан олиб келинадиган импорт автомобилининг нархи ўртача 10% арзонлашиши мумкин, деб ёзди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров депутатнинг фикрини қўллаб-қувватлаб, импорт автомобилининг нархлари 10 фоизга арзонлашиши мумкинлигини, лекин ундан ортиққа пасаймаслигини таъкидлади. «Агарда божлар 30%дан 15%гача пасайтирилган ҳолатда ҳам, плюс қўшилган ҳар куб см учун махсус ставкалар ўзгармаса», деб ёзди у.

Бакиров жадвалдаги ҳисоб-китоблар орқали буни тушунтириб берган.

«Масалан, двигатель ҳажми 1000 см кубгача бўлган, таннархи 4000 долларлик импорт автомобиль бугунги бож тизимида импортёр устамасини ҳисобга олмаганда 8860 долларга тушади. Агар божлар 15%гача пасайтирилса (махсус қўшилган ҳар куб см учун махсус ставкалар ўзгармаса) худди шу автомобилнинг импорти энди сизга 8 170 долларга айланади. Фарқи деярли сезилмайди. Ҳар ҳолда бозордаги вазиятни ўзгартирадиган даражада эмас», — деб ёзади Бакиров.


Фото: t.me/the_bakiroo

Жадвалда шунингдек, таннархи 7000 долларлик (1500 см3), 11000 долларлик (2000 см3) импорт автомобиллар қиймати бўйича умумий ҳисоб-китоблардаги ўртача тахминий ўзгаришларни ҳам ҳисобга олинган.

Тадбиркор Ойбек Эркин Markaziy Osiyo Telegram каналида ушбу вазият бўйича ўз ҳисоб-китоблари билан бўлишган.

У ҳисоб-китобларни қиймати 1000 АҚШ доллар турадиган Chevrolet Spark мисолида келтириб, ҳозирда импорт автомобиллар учун қуйидаги тўловлар мавжудлигини таъкидлаган:

  • Машина қийматидан бож 30% = 3,000$
  • Машина мотор ҳажмидан 1.8$ дан = 1000сс-1,800$
  • ҚҚС 15% = 1,500$
  • Утилизация йиғими БҲМ (270 000 сўм)*30 баробар = 7,350,000 сўм=680$

Шунда, битта Spark каби машина учун жами бож 6,980 долларга тенг бўларди.

«Энди янги ўзгаришга кўра … бошидаги 3,000$ ни ўрнига, 1,500$ тўланади. Қолганлари ўзгаришсиз қолмоқда. Шунда битта Spark`га ўхшаган машинага жами 5,480$ „растаможка“ чиқади», — дейилади Ойбек Эркин изоҳида.

«Менимча бу унчалик катта ўзгариш эмас. Камида шу туришига ҳар бир кубик сантиметр мотор ҳажмидан олинадиган 1.8$~3$ лик бож ҳам бекор бўлса, анча енгиллик бўлар эди. Балки расмий қарор чиқса, унда шулар тўлиқ акс этар», — дея умид билдирган тадбиркор.

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг ўз Telegram каналида ёзишича, бу вазиятда «албатта фойда кўрувчи гуруҳ бор». Унинг таъкидланишича, «бундай кишилар, қиммат автомобиль импорт қилувчи аҳолининг энг даромади юқори қатлами. Яъни аҳолининг даромади юқори кичик гуруҳи ҳозиргача ҳам чет элдан автомобиль олиб келар эди. Чегарадаги божнинг 15% га пасайиши эса улар истеъмол қиладиган автомобиллар нархининг сезиларли пасайишига олиб келади».

«Божларнинг пасайишидан ўрта даромадли аҳоли қатлами (яъни ўртача нархдаги автомобиль харид қилишга имконияти борлар) ҳеч нима ютмайди, бу ўзгариш улар учун ҳеч нимани англатмайди, улар яна ўша „қадрдон“ заводимиз чиқараётган автомобилларга навбатда туришга мажбур бўлади. Қарордан асосий фойда кўрадиганлар эса даромади энг юқори ва импорт автомобилларини истеъмол қиладиган бойлар», — дейилган иқтисодчи постида.