Тошкент шаҳрининг Миробод туманида Malibu ҳайдовчиси пиёдани уриб юборди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Воқеа 12 феврал куни тахминан соат 23:00 да Миробод тумани Янги Қўйлиқ кўчасида юз берган.

Malibu автомобили ҳайдовчиси И. A. пиёдани уриб юборган. Бунинг оқибатида 45 ёшли пиёда воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.

Ҳолат бўйича пойтахт ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолати одам ўлимига сабаб бўлиши) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш масаласида ўтказган йиғилишда 2021 йилда Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ йўл транспорт ҳодисаси содир бўлганини маълум қилганди. Аварияларда 9 мингдан ортиқ фуқаро жароҳат олган, 2,5 мингга яқин инсон ҳалок бўлган, шундан 263 нафари болалардир.

Шунингдек, президент Тошкентда ҳаракатланиш тезлигини 60 км/соатгача пасайтириш қарор қабул қилинишини маълум қилганди. Қолаверса, мактаб ва боғчалар олдида тезлик 30 км/соатдан ошмаслиги шартлиги айтилганди.