Президент Шавкат Мирзиёев 14 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда якунида UzAuto Motors автомобиллари етказиб бериш муддати чўзилиб кетаётганига яна бир бор тўхталди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

«Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбари яна автомобиль учун навбатлар мавзусига қайтиб, навбатда турган ҳар бир буюртмачига „UzAuto Motors“ компанияси томонидан автомобиль етказиб бериладиган аниқ сана кўрсатилган хабарнома йўллаш бўйича топшириқ берди», — дейилади хабарда.

Аввалроқ, президент 1 майга қадар навбатларни бартараф этиш ва UzAuto Motors автомобиллари учун олдиндан тўлов 85 фоиздан 50 фоизгача камайтиришга кўрсатма берганди. Бунга қадар депутат Расул Кушербаев эса ҳали олмаган автомобили учун одамлар 15 фоиз тўлов қилиши ҳам етарли эканлигини таъкидлаганди.

11 февралдаги йиғилишда ҳам Шавкат Мирзиёев одамлар автомобилга пул тўлаб қўйиб, машинасини ололмаётганини танқид қилганди.

«Одамлар норози, биз тўлаб қўйганмиз, машинани бер эй давлат раҳбарлари, деяпти. Худога шукр, иқтисодиётимиз ривожланяпти, одамларнинг машинага талаби ошиб боряпти», — деганди у.

Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors 20 декабрь куни 1 февралга қадар Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti автомобилларига аризалар қабул қилишни тўхтатганди. Компания бу вақт ичида аввалги буюртмалар етказиб берилишини маълум қилиб, харидорлардан ноқулайликлар учун узр сўраган.

Кўрсатилган муддатда эса Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti автомобилларига аризалар қабул қилиш қайта тикланмади. «Газета.uz»нинг автомобиль саноатидаги манбаси маълумотларига кўра, автомобиль ишлаб чиқарувчи 25 январь куни кузатилган кенг қамровли электр энергиясидаги узилишлардан сўнг, муаммоларга дуч келган. Электр узилишлари газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларга олиб келган, бу эса компонентларни ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг тизимли ишига ҳам таъсир кўрсатган.