Туркия президенти Режеп Таййиб Эрдўғон март ойи охирларида Тошкентга ташриф буюриши режалаштирмоқда.

Бу ҳақда Туркия президенти Истамбулдаги «Ваҳдетдин» қароргоҳида Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши аъзолари билан учрашувда маълум қилди, деб хабар берди Сенат матбуот хизмати.

Фото: Сенат матбуот хизмати.

Учрашувда Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгашининг аъзоси Баҳтиёр Сайфуллаев Туркия раҳбарининг саломатлиги тикланганидан хурсандлигини билдириб (Туркия президенти ва унинг рафиқаси коронавирусга чалинган эди — таҳр.) Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия раҳбари Режеп Таййиб Эрдўғон ўртасидаги самимий муносабатлар Ўзбекистон ва Туркия давлатлари ўртасидаги дўстона алоқалар тикланишига пойдевор бўлганини билдирган.

Шунингдек, Ўзбекистон етакчисининг сиёсий иродаси туфайли нафақат Марказий Осиёда муҳит томоман янгиланиб, яхши қўшничилик алоқалари тиклангани, балки Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар билан мустаҳкам биродарлик ришталари боғлагани, ташкилотнинг тўлақонли фаолияти йўлга қўйилаётганига урғу берилган.

«Бу фикрни Эрдўған қўллаб-қувватлаб, жорий йил март ойи охирларида Тошкентга боришни режалаштираётгани, кузда Ўзбекистонда бўлиб ўтиши кутилаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммити ушбу ташкилот фаолиятини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этишига ишонишини билдирди», — дейилади хабарда.

«Сўзим якунида Иним Шавкатбей Мирзиёев Жаноби Олийларига самимий саломларим ва эзгу тилакларимни етказишингизни сўрайман», — дея таъкидлаган Режеп Таййиб Эрдўғон.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябр ойида президент Шавкат Мирзиёев Туркиянинг Истанбул шаҳри яқинидаги Демократия ва эркинлик оролида ўтган Туркий кенгаш саммитида нутқ сўзлаб, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи «Туркий давлатлар ташкилоти» деб ўзгартиришни ҳамда Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этганди.