Мактаблардаги кечки тадбирларга педагог ходимлар ва ўқувчиларни мажбурий жалб этиш тақиқланади, дея хабар берди Халқ таълими вазирлиги.

Мактабларда ўқиш жараёнидан ташқари вақтларда ўтказилаётган тадбирлар уюшмаган ва таълим билан банд бўлмаган (18−30 ёш) ёшларга мўлжалланган. Уларни ташкил этишга Ёшлар ишлари агентлиги, хусусан маҳаллалардаги ёшлар етакчилари масъул этиб белгиланган.

«Бунда Халқ таълими вазирлигига мактаб инфратузилмасидан (кутубхона, спорт зал, компьютер хоналари, тадбирлар зали) оқилона фойдаланиш ҳамда мактабларни маҳалла учун «маънавият маскани»га айланишини таъминлаш вазифаси юклатилган», — дейилади хабарда.

Юқоридагиларни инобатга олиб, ХТВ барча ҳудудий бошқармаларга ушбу тадбирларга мактаб маъмурияти, педагог ходимлар ва мактаб ўқувчиларини мажбуран жалб этилиши қатъиян таъқиқланганини маълум қилди.

Қолаверса, президентнинг 2018 йил 14 августдаги [ПҚ-3907-сон] қарорига асосан халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш қатъиян таъқиқлангани эслатиб ўтилди.

Мазкур қарорга кўра, юқоридаги талабларни бузган давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари тегишли жавобгарликка тортилиши белгиланган.

Аввалроқ, Андижон вилоят ХТБ бошлиғи Азизбек Миркомилов вилоятдаги мактабларда тунги тадбирлар президент топшириғи асосида ўтказилаётганини айтганди. Депутат Расул Кушербаев бу ҳақда «кечаси нима қиларини билмай юрган ўқитувчи ва ёшлар бу шароитдан жуда „бахтиёр“ бўлишса керак», деб киноя қилганди.

Тунги тадбирлар февраль бошидан бери Андижон вилоятининг Асака, Пахтаобод, Марҳамат, Хонобод туманлари, қолаверса, Абу Али ибн Сино Жамоат саломатлиги техникуми жамоаси томонидан ўтказилган.