Президент 14 февраль куни «Ўзбекистон спортчиларининг навбатдаги ёзги ва қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиши учун тайёргарлик ишларини жадаллаштириш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинди.

Қарорга кўра, 2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчилари қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

  • олтин медаль учун — 200 000 АҚШ доллари;
  • кумуш медаль учун — 100 000 АҚШ доллари;
  • бронза медаль учун — 50 000 АҚШ доллари.

Ҳаражатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Транспорт вазирлиги ҳамда Туризм ва спорт вазирлиги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнида республика ҳудудида ўтказилаётган спорт мусобақалари, ўқув-машғулотлар йиғинларида олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича терма жамоа аъзоларининг иштирокини таъминлаш учун вилоятлараро йўналишлар бўйича (темир йўл ва авиачипта) транспорт харажатларига 2022 йил 1 мартдан 2024 йил 1 сентябрга қадар чегирмалар жорий этилади.

Эслатиб ўтамиз, Токио Олимпиадасида иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси бешта медал — учта олтин ва иккита бронза билан тугатиб, баҳсларда 32-ўринни эгаллаганди. Олимпия ўйинлари ғолибларига 200 минг доллардан, бронза медали соҳибларининг ҳар бири 50 минг доллардан берилганди. Бундан ташқари, совриндорлар мураббийларига, шунингдек, Олимпиаданинг барча иштирокчиларига ҳам пул мукофотлари топширилганди. Ўшанда президент Шавкат Мирзиёев спортчи ва мураббийларни орден ва фахрий унвонлар билан мукофотлаганди.

Ўзбекистон президентининг 5 ноябрдаги қарори билан 2024 йил Парижда (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича мақсадли кўрсаткичларни тасдиқланган. Хусусан, 2024 йилги Париж Олимпиадаси ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш бўйича мақсадли кўрсаткичларда ўзбекистонлик спортчилар учун 26 спорт тури бўйича 103 та лицензия олиш кўзда тутилгани ҳақида хабар берган эдик.

Париж юз йил муқаддам, яъни 1924 йилда илк маротаба ёзги Олимпия ўйинлари мезбонига айланган. 2024 йилда Париж ёзги Олимпия ўйинларини учинчи маротаба қабул қилаётган Лондондан кейинги иккинчи шаҳарга айланади. Парижда ўтадиган олимпиада илк маротаба гендер жиҳатдан тўлалигича тенг ўтказиладиган спорт тадбири бўлиши кутилмоқда, дея хабар берган эди РИА Новости.