Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида қалбаки ҳужжатлар орқали банкдан 4 млрд сўм кредит олган шахс устидан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Департаментнинг Чирчиқ шаҳар бўлимининг аниқлашича, «G.I.» МЧЖ раҳбари Ж.Э. бошқа бир корхонага тегишли 3 қаватли нотурар жой биноси интернет сайтлари орқали сотувга қўйилганлигидан фойдаланиб, объектнинг кадастр ҳужжати, корхона раҳбарининг имзо ва муҳрини қалбакилаштирган.

Сўнг ушбу ҳужжатлар орқали бинони гаров таъминоти сифатида қўйиб, банкдан 4 млрд сўм кредит маблағини олган.

Текширувда Ж.Э. пулларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборгани, шунингдек, тижорат банки филиали масъул шахслари Ж.Э. томонидан тақдим этилган ҳужжатларни тўлиқ ўрганмаганлиги ҳамда кредит маблағининг мақсадли сарфланиши мониторинг қилинмаганлиги оқибатида, тадбиркор ва банк манфаатларига 4 млрд сўм зарар етказилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани хабар қилинмоқда.