Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига Раҳмонов Шавкат Наврўзович тайинланди, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тайинлов бўйича ўтказилган йиғилишда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ва ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов иштирок этган.

Шавкат Раҳмонов мазкур лавозимда 2017 йил ноябрь ойидан буён ишлаб келаётган Атаходжаев Адил Иргашевичнинг ўрнини эгаллади.

ИИВ хабарида таъкидланишича, йиғилиш кескин танқидий руҳда ўтган. Унда вилоят ИИБ раҳбарларининг «хотиржамликка берилиши», «жиноят муҳокамалари» ва «профилактик тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилмаслиги», қўл остидаги шахсий таркиб билан қонунчиликни мустаҳкамлашга қаратилган «тарғибот ишлари олиб борилмаслиги», шунингдек ҳуқуқбузарликларни олдини олишда ҳамкор ташкилотлар билан ҳамжиҳатликнинг тўғри йўлга қўйилмаганлиги салбий оқибатларга олиб келган.

Шавкат Раҳмонов бунга қадар 2019 йилдан буён Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида хизмат қилган. Унинг ўрнига маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири сифатида фаолият юритган Раҳмат Маматов Самарқанд ИИБга бошлиқ бўлгани ҳақида ёзгандик.

Бундан ташқари, шанба куни Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи ҳам ўзгарди. Мазкур лавозимда фаолият юритаётган Ташходжаев Дониёр Бахтиёрович бошқа ишга ўтиши маълум қилинди. Унинг ўрнини эса Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Муҳитдин Жўраев эгаллади.

Ҳозирча Дониёр Ташходжаев қайси лавозимни эгаллагани хабар қилинмади, катта эҳтимол билан у Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари этиб тайинланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, жума кунги йўл ҳаракати хавфсизлигига бағишланган видеоселекторда президент Шавкат Мирзиёев намуна тариқасида Фарғона вилояти тажрибасини кўрсатиб, вилоят бюджетидан ажратилган 24 млрд сўмга 125 км йўлларга ёритгич ва нур қайтарувчи воситалар, 24 та пиёда йўлакларига светофор, 107 тасига «сунъий дўнгликлар» ўрнатилганини айтганди. Бунинг натижасида эса вилоятда умумий авариялар 31 фоизга, ўлим билан боғлиқ ҳолатлар 21 фоизга, пиёдалар иштирокидаги ҳодисалар 37 фоизга камайган.