Андижондаги тиббий муассасада юз берган портлашда 56 ёшли Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлгани аниқланди. Бу ҳақда Қирғизистон ТИВ матбуот хизмати баёнотида хабар берилди.

Хабарда айтилишича, ҳалок бўлган фуқаронинг жасади яқин қариндошлари томонидан Қирғизистон Республикасига етказилган.

Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги тиббий марказида портлаш 11 февраль куни юз берган эди. ФВВ портлаш оқибатида 1 киши ҳалок бўлгани, 11 киши жароҳатлангани маълум қилган. Воқеа гувоҳлари портлашда ҳалок бўлганлар сони бир кишидан кўпроқ эканлигини таъкидлашган эди.

Бош прокуратура ахборотига кўра, ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.